Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлади.
Ўзбекистон ТИВ хабарига кўра, бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади.
«Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан фуқароларни табиий офат ҳудудларидан хавфсиз жойларга кўчириш ва мамлакатимизга олиб келишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳридаги халқаро мусобақада иштирок этган спорт курашлари бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари Анқара шаҳрига олиб келингани айтилган эди.



