Оддий ва олий қаҳрамонлик

66

Қоннинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. У ҳаёт асоси, бебаҳо. Унинг таркибий қисмлари бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим воситадир. Маълумотларга кўра, ҳар бир мамлакат ўз аҳолисининг қонга бўлган талабини қондириш учун 1000 нафар кишига донорлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши, қон компонентлари билан таъминлаш учун эса донорлар сони ҳар 1000 нафар кишига 10 нафар ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши зарур. Ўзбекис­тонда эса бу рақам 5 нафарга тўғри келади. Агар мазкур кўрсаткич 10 нафарга ошса, халқимизнинг қонга бўлган талаби 100 фоизга қопланади.

Бугун шу йўналишда қилинаётган ишлар, янгиликлар ва мавжуд муаммолар хусусида Республика қон қуйиш маркази раҳбари Аълонур САИДОВ билан
суҳбатлашдик.

– Аълонур Бахтинурович, айтинг-чи, кимлар ва қай тартибда донор бўлиши мумкин?

– «Донор» сўзи лотинчадан таржима қилганда «туҳфа қилмоқ» деган маънони англатади. Чунки донор ўз қонини бериш орқали кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиши, унга ҳаёт туҳфа қилиши мумкин. Донорлик икки шаклда: қон ва ички органларни тўлиқ ёки бир қисмини бериш орқали амалга оширилади. Қон донорлиги учун эса ҳар доим талаб ва таклиф мавжуд.
18 ёшдан ошган, вазни 50 килограмм­дан ортиқ бўлган ва ўзини соғлом деб билган, ирқи, касби, жинсидан қатъи назар, ҳар бир инсон қон ва унинг компонентлари учун донор бўла олади.
Инсон организмида 4,5-5 литр қон бўлади. 500 мл.гача қон топшириш организм учун хавфсиз. Ҳар бир донорлик амалиётида ўртача 350-400 мл. қон олинади. Бунинг учун юртдошларимиз келиб, истакларини билдиргач, анкета тўлдирадилар ва терапевт суҳбатидан ўтадилар. Суҳбатда донорликка даъвогарнинг шамоллаган, хасталанган ёки жиддий касаллик билан оғриган-оғримаганига аниқлик киритилади. Ҳаммаси яхши бўлган тақдирда ҳам дастлабки лаборатор текширувлари олинади. Гемоглабин миқдори, умумий қон таҳлили олиниб, фақат яхши натижа олганларга қон топширишга рухсат берилади. Қон топширилгач, донорга текин нонушта – тухум, сариёғ, ширинчой ва бошқа егуликлар берилади.

– Донорлар қон топширишдан олдин нималарга аҳамият бериши зарур ва қандай одамлар донор бўла олмайди?

– Донорлик амалиётини бажаришдан аввал, қон берувчи ўз саломатлигини муҳофазалаш ҳамда топширилажак қон сифатини яхшилаш мақсадида бир неча жиҳатларга диққат қаратиши лозим. Мунтазам равишда тўлақонли овқатланиш, кун давомида кўпроқ суюқликлар истеъмол қилиш муҳим. Амалиётдан 2-3 соат олдин ёғли, аччиқ таомлар емаслик лозим. Ёғли овқатлар қоннинг сифатига таъсир қилади ва унинг даво самарасини камайтиради. Оч қоринга қон топшириш мумкин эмас, шунинг учун донор эрталаб енгил нонушта қилиб келиши лозим бўлади. Тиниқиб ухлаш ҳам керак. Тунги навбатчиликдан кейин қон топшириш тавсия этилмайди, чунки навбатчиликда кўп қувват сарфланади. Бу эса организмда модда алмашинувига таъсир қилади. Донорликкача икки кун мобайнида спиртли ичимликлар ичиш мутлақо тақиқланади. Донорлик амалиё­тидан кейин йўқотилган суюқлик ўрни 36 соат ичида, эритроцитлар 8 ҳафта мобайнида, плазма 3-5 кун ичида, тромбоцит ва лейкоцитлар 5-7 кун давомида тикланади. Шундан келиб чиқиб, тўлиқ қонни йилига 4-5 марта (эркаклар ҳар 2 ойда, аёллар ҳар 3 ойда) топшириш тавсия қилинади. Плазма ва қоннинг бошқа компонентларини ҳар 14 кунда топшириш мумкин.
Кимлар донор бўла олмаслигига келсак, бунга тўсқинлик қилувчи доимий ва вақтинчалик омиллар мавжуд. ОИТС, ОИВ, заҳм, вирусли гепатитлар, сил, қон касаллик­лари, миопия, юрак, ўпка, жигар ва буйрак етишмовчилигини бошдан кечирган шахс­лар касаллик қачон ва қай даражада кечгани ҳамда даво муолажалари натижасидан қатъи назар, донор бўла олмайди. Енгил шамоллаш, антибиотиклар қабул қилиш, аёллардаги ҳайз даври, операциялар ва сафарлардан ­кейинги ҳолатда ҳам донорликка вақтинчалик тўсиқлар мавжуд.

– Қон топшириш донор саломатлиги учун ҳам фойдалими? Қолаверса, баъзида «Касал бўлганимда қон қуйишган. Ўшанда гепатит вирусини юқтирганман», каби гап-сўзлар ҳам қулоғимизга чалинади. Бу гап­ларда қанчалик жон бор?

– Донорлик нафақат қон олувчи, балки қон берувчининг саломатлиги учун ҳам фойдали. Донорлар бошқаларга қараганда 5 йил кўпроқ умр кечиришади. Қон топширган одамда енгиллашиш, қон айланишининг яхшиланиши кузатилади. Ҳар қандай қон топшириш организм учун енгил стресс ҳисобланади. Бундай енгил стресслар ташқи муҳитнинг салбий омилларига таъсирчанликни оширади. Бахтсиз ҳодисалар, операциялар чоғида организмнинг оғир талафотларга учраш эҳтимоли донорларда бошқаларга қараганда камроқ бўлади. Чунки донор организми қон йўқотишга мослашган бўлади ва оғир асоратларни ҳам нисбатан енгилроқ ўтказади. Донорлик инфаркт ва бошқа юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиши хавфини бир неча бор камайтиради. ­Доимий равишда қон ва унинг компонентларини топшириш ҳужайраларнинг табиий янгиланишига ва организм ёшаришига олиб келади.
Кейинги саволингизга келсак, тўғри, бундай гап-сўзларни ўзимиз ҳам эшитганмиз. Албатта, қон қуйишга эҳтиёж бўлганида қон препаратлари билан ҳам даволаниш имконияти бўлса, шифокорлар, албатта, дори препаратлари ёрдамида даволанишни маъқуллайди. Чунки энг ривожланган технологик ускуна ҳам 00,001 фоиз бўлса ҳам хато қилиши мумкин. Бундай ҳолатлар қачон кузатилиши мумкин? Масалан, донор икки-уч кун олдин бирор вирусни юқтирган бўлиши мумкин. Одатдаги ИФА текширувларида қонга 14 кундан кўп муддатда юққан вирусларни аниқлаш мумкин. Бироқ улар 14 кунгача юққан вирусни аниқлаб беролмайди. Бироқ, ПЦР усулидаги лаборатория таҳлилида 14 кун ичида юққан, ҳаттоки бир кун олдин орттирилган вирусни ҳам аниқлаш имконияти бор. Аммо ҳар бир одамнинг иммунитети, ҳолати ҳар хил бўлгани боис, мазкур усулдаги текширувнинг аниқлиги ҳам 100 фоиз тўлақонли тўғри чиқишига шубҳа бор.
Энг ривожланган давлатларда ҳам ПЦР текшируви аниқлиги юқори бўлса-да, ундаги барча таҳлилларнинг тўлиқ 100 фоиз тўғри чиқишига кафолат йўқ. Шунинг ўзи ҳам юқоридаги каби ҳолатлар юзага келиши мумкинлигига асос бўлади. Аммо биз марказимизда энг замонавий ускуналар, технология­лардан фойдаланиб, таҳлилларнинг мукаммал чиқишига ҳаракат қиламиз. Бироқ вилоятлардаги қон қуйиш филиалларимиз тўлалигича ҳали бундай лаборатория жиҳозлари ва препаратлари билан таъминланмаган. Айрим йўналиш­ларда ускуналаримиз бору, бироқ уларга зарур биокимёвий воситалар хориждан келтирилгани боис ишлата олганимиз йўқ. Хуллас, замонавий технологик ускуналарга зарурат бор.
2022 йил 9 августдаги «Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги Президент қарорига асосан, Рес­публика қон қуйиш маркази ва унинг ҳудудий филиаллари зарур янги ускуналар билан жиҳозланиши белгиланган. Мазкур қарор ижроси таъминланиши натижасида бу борадаги ишларнинг сифати янада юқори даражага кўтарилишига умид қиламиз.

– Мамлакатимизда донорлик қандай ҳимояланган, улар учун қандайдир рағбат ёки имтиёзлар борми?

2002 йилда қабул қилинган «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, қон ва унинг таркибий қисмларини тиббий эҳтиёжлар учун топшириш донор томонидан ихтиёрий тарзда амалга оширилади, мажбурлашга йўл қўйилмайди. Қон топшириш чоғида донор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда соғлиғи сақланиши кафолати тиббиёт ходимлари томонидан таъминланиши, соғлиғига етказилган зарар ўрни қопланиши ва бепул овқат билан таъминланиши ҳуқуқларига эга.
Донорга ҳар сафар қон топширган куннинг эртасига дам олиш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бир кун берилади. Донорнинг хоҳишига кўра, мазкур дам олиш куни ҳар йилги меҳнат таътилига қўшиб берилиши мумкин. Қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам ҳамда бепул топширувчи донор «Ўзбекис­тон Республикаси фахрий донори» кўк­рак нишони билан тақдирланади ва энг кам иш ҳақининг 15 баравари миқдорида бир марталик тўлиқ бериладиган пул мукофотини олади.
Бундан ташқари, фахрий донорлар ўзлари учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш, санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш, доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-онаси) стационар даволаниш жараёнида зарурат туғилганда қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланиш имкониятига эга.
Мамлакатимизда қон етказиб беришда танқислик мавжуд. Бироқ бунинг ечимини топиш фақат шу йўналишда ишлайдиганларга боғлиқ эмас. Ҳаммамиз буни тўғри тушунган ҳолда иш тутишимиз, бир-биримизга кўмаклашишимиз, донорликнинг аҳамиятини халқ орасида тўғри ва тушунарли тарғиб қилишимиз зарур. Чунки эртага бизни нима кутаётганини билмаймиз, эҳтимол, ўзимиз ҳам қон қуйилишига эҳтиёжманд бўлиб қолишимиз мумкин.

«ISHONCH» мухбири
Зебо НАМОЗОВА
суҳбатлашди