Тожикистоннинг тоғли ҳудудида қор кўчкиси содир бўлди. 8 киши ҳалок бўлган

43

Мамлакат Фавқулодда вазиятлар қўмитасига кўра, тоғли ҳудудларда қор кўчиш хавфи 19 февралга қадар сақланиб қолади.

Тожикистон жанубидаги Хоруғ шаҳри ҳудудида қор кўчкиси содир бўлди. Мамлакат расмийлари берган маълумотларга кўра, 15 февраль куни соат 14:00 ҳолатига 8 нафар, жумладан, 4 ёшли ўғил ва бир қиз, шунингдек, 4 нафар аёл ҳалок бўлди. Бундан ташқари, ҳозирда шахси аниқланмаган икки нафар эркак ҳам қор тагида қолиб вафот этган.

Мамлакат Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот котиби Умеда Юсуфийнинг маълум қилишича, қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракати билан тўққиз нафар маҳаллий аҳоли қор кўчкиси остидан қутқариб олишга эришилган.

Қор кўчкиси жами 22 та тураржой биносига жиддий зарар етказган.

Расмий вакил Юсуфий Ванж туманида ҳам қор кўчкиси кузатилгани ва унда ҳам бир нафар шахс ҳалок бўлганини маълум қилди. Яна бир ҳолатда эса Душанбе-Хўжанд йўлида – Душанбе-Варзоб автомобил йўлининг 65,8 километрида содир бўлган қор кўчкиси остида тўртта автомобиль қолган ва улардан бирининг ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган.

“19 февралга қадар Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудида, Ҳисор тоғ тизмасининг тоғолди ҳудудларида кучли ёғингарчилик ортидан содир бўладиган катта қор кўчкилари хавфи сақланиб қолмоқда”, – деди Умеда Юсуфий.

Маълум қилинишича, ҳозирда вилоятнинг Рушон ва Шуғнон туманларидаги қор кўчкилари туфайли Душанбе-Хороғ-Мурғоб ҳамда Душанбе-Хўжанд автомобил йўли ёпилиб қолган.