Шаҳрисабз туманидаги Ҳисорак қишлоғида 180 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилмоқда. Демак, яқин ойларда у иш бошлайди. Бу яхши, албатта. Аммо…
Икки қаватли муассаса ҳудуддаги 59-умумий ўрта таълим мактаби стадиони ўрнида бунёд этилмоқда. Шу ўринда бир савол туғилади: мактабга стадион керак эмасми?
«Ҳисорак» МФЙ раиси Рўзиқул Раҳимовнинг билдиришича, мазкур мактаб 1972 йилда қурилган. 2006 йилда мактаб ўқувчилари сони ошгани инобатга олиниб, қўшимча бино ҳам барпо этилган. Бироқ 324 нафар ўқувчи таҳсил оладиган даргоҳда спорт зали қуриш масаласи ярим асрки, ҳамон очиқлигича қолмоқда.
– Спорт зали бўлмагани учун қишда ва ёмғирли кунларда назарий машғулотлар билан чекланишга мажбурмиз, – дейди жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Акмал Раҳимов. – Синфхоналарда шахмат-шашка ўйнатамиз, ҳаво очиқ бўлганида ўқувчиларни ҳовлида волейбол билан шуғуллантирамиз. Ўқувчиларимиз орасида кучли, юрагида шижоати, ғайрати жўш уриб турган, «Спортчи бўламан, чемпион бўламан», дейдиган ўғил-қизлар кўп. Аммо шароит бўлмагач, уларни қандай ва қаерда шуғуллантирасиз?!
Юқори ташкилотлар ўқувчилардан «Алпомиш ва Барчиной» тестларини олишни ва бу бўйича ҳар ойда ҳисобот топширишни сўрашади. Спорт жиҳозларимиз бор. Аммо стадион ва спорт зали йўқлиги боис зарур тестларни олишга имкон йўқ.
Биз билан суҳбатда 7-синф ўқувчиси Диёрбек Ўринов жисмоний тарбия дарсида кўпинча шашка ўйнашларини, бироқ синфдошлари орасида футбол, баскетбол, кураш спорт турларига қизиқувчилар кўплигини, улар ҳам турли мусобақаларда қатнашишни исташини айтди.
Мактабни айланиб, ундаги шароитлар билан танишдик. «50 ёшли» мактабнинг эшик ва деразалари анчагина «кексайибди». Деворлар ёрилган. Деразанинг синган ойналари ўрнига тахта ёки картон қоқилган. Бир вақтлар (15-20 йил илгари) вақтинчалик спорт зали вазифасини бажарган лой том ҳам ёрилиб, тўкилиб қолибди. Турли тадбирлар ва маънавий-маърифий учрашувлар ўтказиладиган «Фаоллар зали» мактаб бино бўлгандан бери қурилмаган.
Қишлоқ аҳли мазкур муаммолар ҳақида ҳеч қаерга мурожаат қилмаганми?!
– Мурожаат қилишдан армон қолмади, – деди фахрий ўқитувчи Ражабали Элмуродов. – 2019 йилда туман ҳокими ва аҳоли ўртасида очиқ мулоқот бўлганида мактабимиз ҳақида, унга спорт зали, фаоллар зали, ошхона, замонавий кутубхона зарурлиги тўғрисида айтиб, ёрдам сўрагандик. Ўшанда масъуллар бу муаммоларни 2020-2023 йиллар давомида ҳал қилишга ваъда беришганди. Аммо ҳалигача ҳеч қандай ўзгариш йўқ.
Мактаб директори ва маҳалла оқсоқоли ҳам юқори ташкилотларга бир неча бор оғзаки ва ёзма мурожаатлар қилишгани, ижобий натижа бўлмагач, фақат ваъда ва қуруқ гапдан аҳолининг ҳафсаласи пир бўлаётганини айтишди.
– Маҳалламиз тоғлар қўйнида жойлашган, – дейди «Ҳисорак» МФЙ раиси Рўзиқул Раҳимов. – 344 та хўжаликда 1700 нафарга яқин аҳоли яшайди. Атрофимизда биз каби яна бешта маҳалла бор. Шу ҳудудларда жойлашган мактаблар учун бизнинг 59-мактаб таянч таълим муассасаси ҳисобланади. Фанлар олимпиадаси, спорт мусобақалари бизда ўтиши белгиланган. Лекин кўриб турибсиз, таянч мактабнинг ўзи таянчга муҳтож! Ўтган йили мавжуд муаммолар ечимида амалий ёрдам сўраб, 4-сектор бошлиғига учрашдим. Улар «Ҳисорак»ни «Обод маҳалла» дастурига киргизиш орқали муаммоларни ечиш мумкинлигини айтишди. Бу ҳақда туман ҳокими билан учрашувда ҳам эслатдим. Биласизми, Ҳисорак жуда қадимий қишлоқ. Аҳолиси меҳр-оқибатли, меҳмондўст, меҳнаткаш. Бизда жиноятчилик, турли кўнгилбузар ҳолатлар йўқ. Агар Шаҳрисабзнинг туристик туманга айланаётганини ҳисобга олсак, келадиган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар турли қадамжоларга бизнинг қишлоқ орқали боришади. Ўзимизда ҳам туристик масканлар бор. Аммо қишлоққа олиб келувчи ва ички йўллар ачинарли аҳволда. Йилдан йилга аҳоли кўпайгани учун 120 та оила юқори ҳудудга кўчиб чиқишган. Уларга трансформатор керак. Тераклардан қўйилган қўлбола симёғочлар талабга жавоб бермайди. Сал шамол бўлса, симлар туташиб, электрда узилишлар содир бўляпти. Аҳоли ток кучланиши камлиги учун музлаткич, чангюткич, кир ювадиган машина каби маиший техникаларни ишлата олмаяпти. Хуллас, амалий кўмакка муҳтожмиз…
Раиснинг куйинганича бор. Қишлоқ аҳолиси юқоридаги муаммолар қаршисида чорасиз ва иложсиз. Қишлоқнинг ободлиги ҳам ўзига яраша. Аҳоли сувни эшакда дарёдан ташиб ичади. Шаҳрисабзнинг Мироқи қишлоғидан Ҳисораккача бўлган 25 километрдан иборат бетон қопламали йўл ҳам собиқ иттифоқ вақтида қилинган ва ҳозир анчагина ўйилиб қолган. Энг ачинарлиси, тоғдан тушадиган селлар таъсирида бетон қопламанинг остидаги тупроқ қатлами ўпирилиб, йўллар хавфли кўринишга келган. Ости ковак бўлиб кетган бетоннинг ёрилиб тушмаслигига, ҳаракатланаётган автомобилларнинг пастга юмалаб кетмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.
Ҳисорак қишлоғи аҳолисини қийнаётган муаммолар ҳақида «Ишонч» газетасининг 2021 йил 7 август кунги сонида «Ҳисоракка ХХI аср келмаганми?» сарлавҳали танқидий мақола ҳам чоп этилган эди. Бизга маълум қилишларича, ушбу танқидий чиқишдан сўнг маҳаллага янги трансформатор ўрнатилибди.
Хоҳламасак-да, 59-ўрта мактабдаги аҳвол билан танишиш асносида олдин ҳам тилга олинган, аммо ҳамон ечимини кутаётган муаммоларни яна бир бор эслашга мажбур бўлдик. Ечим изланмас, лоқайдликка йўл қўйилар экан, муаммолар болалайверади…
Акмал АБДИЕВ
«ISHONCH»
