Маълумотларга кўра, пластик картадан бошқа картага ўтказмалар учун янги тартиб жорий этилмоқда. Унга биноан Click, Payme, Apelsin каби тўлов тизимлари ёки мобиль банк хизматлари орқали бошқа одамнинг пластик картасига пул ўтказишда электрон ҳисобварақ-фактура тузилиши мажбурий бўлмоқда.
Хўш, бу нимани англатади?
Оддий тил билан айтганда, йўқ жойдан янги харажатга йўл очиляпти. Яъни пластик картадан бошқа картага пул ўтказилганда ушлаб қолинаётган бир фоизлик комиссия тўловидан ташқари яна бир тўлов ундирилади.
Янги қоидага кўра, ҳатто ўтказманинг комиссия қиймати 0 фоизга тенг бўлса ҳам, ҳисобварақ-фактура тузиш мажбурий бўлади ва бунинг учун пул ундирилади.
Шу ўринда бир савол туғилади: ушбу маблағ кимнинг ҳисобидан ва қанча миқдорда ундирилади?
Турган гапки, қўшимча тўлов истеъмолчи гарданига тушади. Айни пайтда ҳар бир электрон ҳисобварақ-фактурани шакллантириш баҳоси 270 сўмдан бошланади. Ҳисобварақ-фактурани тадбиркорлик субъектлари, яъни электрон ҳужжатлаштириш операторлари (Didox+, E-faktura, Soliq servis кабилар) тузиб беради.
Мазкур қоидани амалиётга жорий этиш бундан аввал ҳам таклиф қилинган. Аммо бу ташаббус Марказий банк ва фаолларнинг норозилиги туфайли бекор қилинган.
Вазирлик янги тартибга изоҳ бериш асносида ҳисобварақ-фактурани тузиш нархини 1 сўм қийматда белгилашга ваъда берди. Аммо бу муаммони ҳаспўшлашдан ўзга нарса эмаслигини ҳамма билиб турибди.
Адлия вазирлигининг баёнотига кўра эса ушбу ҳисобварақ-фактура тўғрисидаги банд экпертиза лойиҳасида бўлмаган, балки кейинчалик қўшиб юборилган.
Хўп, вазирлик айрим тадбиркорлар (Масалан, озиқ-овқат ёки кийим-кечак дўконидан бирор нарса харид қилиб, пулини пластик картада тўламоқчи бўлсангиз, сотувчи маблағни терминал орқали ечиб олиш ўрнига сиздан пулни ўзидаги пластик картага ўтказиб беришни сўрайди. Бунинг натижасида сиздан комиссия тўлови ундирилади ва тадбиркорнинг пластик картасига тушган маблағ эса солиққа тортилмайди. Ҳозир кўпчилик тадбиркорлар шундай қилишяпти) солиқ тўлашдан қочаётгани учун ушбу тартибни жорий этяпти, деган яхши гумонга бордик ҳам дейлик. Лекин…
Вазирлик қош қўяман деб кўз чиқармаяптимикин?
Дейлик, кимгадир пул зарур бўлиб қолса, яқин танишидан сўрайди. Табиийки, таниши гоҳида масофа узоқлиги, гоҳида эса нақд пули йўқлиги боис сўралган маблағни пластик карта орқали ўтказиб беради. Бу кундалик турмушда учрайдиган оддий ҳолат.
Бу ҳолатда пул ўтказган одамдан ортиқча маблағ ечиб қолиниши жисмоний шахслар учун яхшигина муаммо бўлади-ку! Зеро, ойлик маошлар пластик карталарга ўтадиган бўлгач, оддий фуқаролар шусиз ҳам бир фоизлик комиссия тўлашга мажбур эди.
Шундай экан, жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмаларига ҳам электрон ҳисобварақ-фактура тузиш қанчалик тўғри ва бу амалиёт қанчалик қонуний асосга эга?
Яна бир муҳим масала: ҳисоб-фактура тузиш учун ушлаб қолинадиган маблағ ўтказилаётган умумий суммадан олинадими ёки йўналтирилган маблағнинг ҳар бир суммасидан?
Хуллас, тадбиркорлар активларини ўз базасида кўриб туришни истаётган мутасаддилар жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмаларни ҳам назорат қилишдан мақсад шунчаки пул ишлашми ёки бунинг биз билмаётган бошқа жиҳатлари ҳам борми?
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасидан мазкур саволларга жавоб кутиб қоламиз.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
ISHONCH.UZ
