Шоир ҳамда ёзувчилар фақат ёзган асарлари билангина эмас, балки ибратли ҳаёти ва шахсий фаолияти билан ҳам башариятга намуна бўлмоғи лозим. Ана шундагина халқ меҳрини қозонади, номи абадиятга муҳрланади. Улуғ адиб, халқимизнинг ардоқли ёзувчиси Саид Аҳмаднинг «Йўқотганларим ва топганларим» асарини ўқирканман, хаёлимдан ана шундай фикрлар ўтди.
Китоб уч боб, яъни «Йўқотганларим», «Топганларим» ва «Бағримни ўртаган аламлар»дан иборат.
«Йўқотганларим»да Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Шуҳрат, Саида Зуннунова каби бир қатор номдор шоир-ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, уларнинг қийинчилик ва машаққатларга саботи, ҳаммада ҳам бўлавермайдиган юксак инсоний фазилатлари билан яқиндан танишишингиз мумкин.
«Топганларим» бобида Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов, Тоғай Мурод, Носир Фозилов, Мақсуд Қориев ва бошқа кўплаб ижодкорлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Китобнинг сўнгги – «Бағримни ўртаган аламлар» бобида Саид Аҳмаднинг ҳаёти ва фаолияти, баъзи асарларининг ёзилиш тарихидан бохабар бўласиз. Шунингдек, таниқли ижодкор Қулмон Очилнинг адиб билан суҳбати ҳам сизни бефарқ қолдирмайди.
Асарни ўқиркансиз, халқимиз юрагидан жой олган улуғ ижодкорларимизга қилинган ноҳақликлар сизнинг ҳам дилингизни ўртайди. Адабиётимиз тақдири адабиётга алоқаси бўлмаган кимсаларга боғлиқ бўлганидан ўкинасиз.
Бу шундай китобки, яқин ўтмиш адабиётимизнинг қувончу қайғуси, хурсандчилик ва аламу изтироблари ҳақида бирдай ҳикоя қилинади.
Бу шундай китобки, улуғ шоир ва ёзувчиларимиз босиб ўтган шонли ва матонатли ҳаёт йўлидан сизни ҳам юришга ундайди. Асар қаҳрамонлари билан бирга кулиб, бирга йиғлайсиз.
Бу шундай китобки, сизни қаноатга ундайди. Бу дунёнинг ноз-неъматга тўла дастурхони сизда ортиқча ҳавас уйғотмай қўяди. Она Ватанимиз истиқболи, эртаси бугунидан ҳам яхши бўлиши учун нимадир қилишга даъват этади. Ватанни, халқимизни севишга, одамларга ёрдам беришга чақиради.
«Йўқотганларим ва топганларим»да биринчи бўлиб «Қутлуғ қон», «Навоий» каби бир-биридан гўзал асарлар муаллифи Мусо Тошмуҳаммад ўғли билан юзлашасиз. Муаллиф улкан масъулиятни зиммасига оларкан, Ойбекдай улуғ даҳо, унинг ҳаёт йўли ҳақида муносиб гапларни ёза олармиканман, деган хавотирли саволни ўзига беради.
Мутолаа жараёнида Саид Аҳмад бу асарни устозлари тавсиясига биноан ёзганини англайсиз. Сизу бизнинг ҳаётга, юртга, адабиётга муҳаббатимиз ошиши йўлида бир дастуриламал бўлиши учун ёзганига шоҳид бўласиз…
Болалари билан тор уйда яшаган Ойбекка уюшма томонидан уч хонали уй беришганидан қувониб кетасиз. Юкларини янги уйнинг ҳовлисига туширган адибга бу уйда яшаш насиб қилмагани, «Буржуа миллатчиси» сифатида уюшмадан ўчган Ойбекка уйнинг калити берилмагани, юкларини қайтариб олиб кетганидан даҳшатга тушасиз…
«Қутлуғ қон» романида Ойбек ўзини мажбурлаб, рус инқилобчиси Петров образини киритгани, у қамоқда Йўлчининг онгига инқилобий руҳни сингдириши, русча китоб ўқишни ўргатишини кўриб турасиз… Ниҳоят, Йўлчи «инқилобчи» даражасига етгач, «Қутлуғ қон» нашр қилиниши ҳақидаги ҳақиқатлардан хабардор бўласиз.
Саид Аҳмад бу изтиробли ҳикояларни ёзиш жараёнида Зарифа Саидносированинг «Ойбегим менинг» китобига мурожаат қилади:
– Бир кеча ёдимда. Ойбек ёзиб ўтирарди. Мен ҳам ёзибми, ўқибми ўтирибман
– Зарифа, қорним оч, жуда очиқдим, – деб қолди Ойбек.
Мен нима дейишни билмайман, индамадим. Жавоб қилолмадим. Негаки уй қуп-қуруқ эди.
– Бирор нарса йўқми? – сўради Ойбек. Ўрнимдан туриб шкафни ахтардим. Ҳужрадаги хурмача, халталарни текширдим. Бир ҳовуч йирик кепак, бир-икки қошиқ шакар топдим, сўнг хурмачанинг тагини сидира-сидира бир қошиқ ёғ олдим. Примусда кепакни қовуриб, сўнг унга шакар аралаштириб дастурхонга тортдим. Билмадим, бу қандай таом бўлди экан? Ойбек ҳазратлари номи менга ҳам номаълум бўлган бу таомдан бир-икки марта қошиқ учида олган бўлди. Сўнг «сен ҳам егин» деб мени қистади.
– Йўқ, очиқмадим, ўзингиз еяберинг, – дедим унга. Менинг қурсоғимда ҳеч нарса йўқ эди. Фақат қаноат бор, холос.
Ойбек озгина еди. Озгинасини қолдириб деди:
– Эрталаб болаларга берарсан.
Менга боқиб жилмайди-да, тағин ёзувга киришди…».
Ойбек ва Зарифахоним тимсолида меҳр ва муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бор бўй басти билан кўз олдингизда намоён бўлади. Унча-мунча одамга берилмайдиган сабр ва қаноат-чи?! Шу лаҳзаларда китобдан бир муддат чалғиб, беихтиёр телевизор пультини босасиз. Атайлаб уюштирилгандай экранда эри ёки қайнонасидан овқатнинг мазали бўлмагани учун дакка эшитаётган келинчакнинг ноз-неъматга тўла дастурхон олдида мунғайган ҳолати акс этиб турган бўлади. Бошқа каналга қарасангиз, қандайдир машҳур санъаткор шоҳона саройида овқат пишириш ҳақида томошабинларга «мастер класс» ўтаётганидан «дод» деб юборганингизни билмай қоласиз… Чунки сиз айни дамда тамомила бошқа оламда – Ойбек хонадонида эдингиз-да!
Саид Аҳмад Ойбекнинг жанг майдонига кетганидан ҳайратга тушганини яширмайди. Бозор тўла савдогар, чайқовчи, ишининг тайини бўлмаган сўлақмондек йигитлар қолиб, ўзбекнинг фахри ва ғурури бўлган номдор ёзувчисининг жангга жўнатганидан қаттиқ ранжийди. Сўнг зудлик билан Тошкентга – таҳририятга телефон қилиб, Ойбекнинг ўзи марказқўмга ариза билан мурожаат қилганидан хабардор бўлади. Жанг майдонида окопма-окоп юриб, самолётдан ташланган бомбанинг ерга тушиб портлагунча қанақа овоз чиқариши, санитар қизларнинг ўқ ёмғири остида ярадорларни олиб чиқиши, бир сўз билан айтганда, урушда кўрган-кечирганлари кейинчалик «Қуёш қораймас» романи учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади…
Китобда Ойбекнинг улуғ ёзувчи бўлиш билан бирга, бағрикенг ва кечиримли инсон экани ҳақида ҳам жуда кўплаб ҳаётий мисоллар берилганки, адибга бўлган муҳаббатингиз яна ўн чандон ошади.
«Ойбек кечиримли одам эди. У ҳеч қачон рақибларидан ўч олмасди. Худога солиб қўярди. Ўзига ёмонлик қилган дўстларига ҳам яхшилик қилаверарди. Дилига кўп озор берган, уни бадном қилишга уринган, асабларини ишдан чиқарган уюшма раиси қарз сўраб келганда йўқ демай, ўн минг сўм берганига ўзим гувоҳман», деб ёзади муаллиф.
Муаллиф Зарифахонимни Соҳибқироннинг содиқ рафиқаси ва доно кенгашчиси Сароймулкхоним, Амир Умархоннинг умр йўлдоши, беназир маслаҳатчиси Моҳларойим, қозоқнинг тенгсиз шоири Абайнинг севгилиси, илҳом париси бўлиб, уни ижодга ундаган Айгерим (ўзбекчада Ойкарам)ларнинг бири сифатида таърифлайди.
Саид Аҳмад китобда замондош ижодкорлар ҳақида сўз юритибгина қолмасдан, уларнинг асарлари, асар қаҳрамонлари, тасвирланган воқеаларга ҳам фикр билдириб ўтиши унинг жозибасини янада оширади. Масалан, асарнинг «Топганларим» бўлимидаги «Тоғай Мурод қўшиқлари»да Тоғай Муроднинг отни тасвирлашидан бир парча келтирар экан, «дом»да яшаб умрини ўтказган шаҳарликларни ўйладим. Инсон боласининг узоғини яқин, мушкулини осон қилган бу жониворни фақат циркда, кинода кўрган шаҳарлик укаларимизга адибнинг бу сўзлари қанчалик таъсир қилишини биламан. Шаҳар болаларининг табиатдан, жониворлардан қанчалик узоқлашиб қолганликларига ачинаман», дея изтиробларини ҳам тўкиб солади…
Баъзи асарлар тўғрисида гап кетганда, китобхон унинг бир нафасда ўқилиши ҳақида завқ-шавқ билан ҳикоя қилади. Аммо «Йўқотганларим ва топганларим»ни бир нафасда ўқиб бўлмайди. Мутолаага киришаркансиз, Ватанини, халқини ҳеч бир таъмасиз, жонидан ортиқ кўрган улуғ замондош алломаларимиз ҳаёти сизни асло бефарқ қолдирмайди. Унда аламу изтиробларга қоришиб кетган китобхон кўзёшларини кўрасиз.
Шерзод АБДУСАМАДОВ



