Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Ойбек Шахавдинов ва Франция ТИВнинг Континентал Европа департаменти директори ўринбосари Сильвен Гийоге иштирокидаги онлайн учрашувда Ўзбекистон-Франция қўшма университетини ташкил этиш ҳақида сўз борган.
Шунингдек, учрашувда Самарқанд шаҳрида “Франция альянси” фаолиятини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўтарилган.
“Дунё” агентлиги берган хабарга кўра, учрашув чоғида, асосан Францияга олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган барча келишувларни, жумладан, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги келишувларни ўз вақтида ва тўла амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Томонлар жорий йил апрель ойида ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва хориждаги Франция фуқаролари вазирининг Ўзбекистонга ташрифини, шунингдек, савдо-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилишини, шунингдек, Франциянинг “MEDEF” корхоналари иштирокида икки томонлама учрашувларни ўтказишга ҳам қарор қилишди.
Шунингдек, 2023 йилда Парижда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 14-раундини ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
