Термизда хорижликдан $6 мингни ўзлаштирмоқчи бўлган шахс ушланди

22

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида савдо соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари Э.З. чет эл фуқаросининг ишончига кириб, ундан пул ундирмоқчи бўлгани аниқланди.

Маълум бўлишича, у танишлари орқали хорижликка Ўзбекистонда доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб беришни ваъда қилган ва бунинг эвазига ундан 7000 АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Э.З. сўралган пулдан 6000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.