Бугунги кунда деярли барча ҳужжатларни электрон тарзда, яъни онлайн олиш имкони бор. Аммо меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштиришда эса ҳамон эскича услуб қўлланиб келинмоқда. Бу масалада қонунчилик нима дейди? Саволларимизга «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази мутахассиси Мақсуд Мустафоев жавоб беради:
— Йўриқномага мувофиқ, меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ёки маълумотномалари паспорт ёки идентификация ID-картаси асосида, тузатиш ва қисқартиришларсиз, кўк ёки қора рангли ручкада расмийлаштирилади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ёки маълумотномаларини қоғоз бланкларда ва ручкада ёзиш, қўлда ҳисоблаш, сақлаш ишлари соғлиқни сақлаш тизими ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларининг замон талабларига мослашмаганини кўрсатиб, ортиқча иш ҳажми, қўшимча харажат ва оворагарчиликларга олиб келади.
Биргина 2022 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бланкларини тайёрлашга давлат бюджетидан 346,5 млн. сўм ажратилган.
Ахборот инфратузилмаларининг ривожланиши меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини электронлаштириш, ягона интеграциялашган тизимда рўйхатга олиш, тўғридан-тўғри беморнинг иш жойига юбориш тартибини яратишни тақозо этади.
Электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақалари фуқароларнинг тиббиёт муассасаларига бир неча маротаба шахсан бориши, варақани иш жойига топширишда дуч келадиган оворагарчиликларига барҳам беради. Шунингдек, электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини юритиш сохталаштириш, шикаст етказиш, йўқотиш каби муаммоларнинг олдини олади.
— Хориж тажрибаси ҳақида нима дея оласиз?
— Масалан, Россия Федерациясида меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини электронлаштириш 2017 йил 1 майдаги 86-федерал қонун асосида тартибга солинган. 2021 йилнинг ноябрида меҳнатга лаёқатсизлик варақалари тўлиқ электронлаштирилиб, автомат тўлов ҳисобланишига оид ҳукумат қарори қабул қилинган. 2022 йилнинг 1 январидан эса, қоғоз шаклидаги касаллик варақаларини беришнинг айрим турлари белгиланиб, бошқа ҳолатларда касаллик варақалари фақат электрон расмийлаштирилиши лозим. Россияда рақамли бюллетенни расмийлаштиришда даволовчи шифокор махсус дастурда ўз иш компьютеридан электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тўлдиради ва унинг рақамини беморга хабар қилади. Меҳнатга лаёқатсизлик варақасини шифокор электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди. Иш берувчи ходимга маълум қилинган рақам ёрдамида ахборот алмашинув тизими (ФСС — Фонд социального страхования) орқали электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини кўриш имкониятига эга бўлади ва маълумотлар тўғридан-тўғри иш берувчининг бухгалтерия тизимига юкланади. Маълумотлар «Социальный навигатор» иловаси ёрдамида ҳам олиниши мумкин. Шунингдек, Буюк Британия, Германия, Польша, Литва, Эстония, Чехия давлатларида ҳам меҳнатга лаёқатсизлик варақаларининг рақамлаштирилганининг гувоҳи бўлиш мумкин.
Меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси — шахсни ишдан (ўқишдан) озод қилиш учун асос бўладиган ҳамда касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат.
Ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлганда, унга иш ҳақининг 60 фоизидан 100 фоизигача миқдорда нафақа тўланади.
Феруза РАҲИМОВА тайёрлади
