Ногиронлар кўчаларда қачон хавфсиз ҳаракатлана олади? 

58

Пойтахтимиздаги йўл ҳаракати пиёдалар хавфсизлиги учун жуда ноқулай. Айниқса, имконияти чекланганлар учун. Ўрганишларда маълум бўлишича, кўзи ожизларнинг 90 фоизи йўл-транспорт ҳодисаларига учраган. 

Ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунида барча ташкилотларнинг имконияти чекланганларга байрам томошалари, базмлар, совғалар уюштириши одат тусига кирган. Гўёки, шу билан биз ўз фуқаролик бурчимизни бажаргандек бўламиз. Аммо бу эҳсонлар ва эътибордан кўра, имконияти чекланганлар ҳаётини осонлаштиришимиз, уларнинг оддий ҳуқуқларини таъминлашимиз керак эмасми? Кўчада ҳаракатланиш учун қулай шароит эса имконияти чекланганлар учун энг муҳим заруратлардан бири.

Маълумотларга қараганда, юртимизда 700 мингдан ошиқ ногирон бор. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 45 минг, норасман 70 минг нафар имконияти чекланган фуқаро яшайди. Улар ҳам таълим масканларига, бозорларга, ижтимоий объектларга бориши керак. Табиийки, ўзгалар кўмагисиз бунинг имкони йўқ.

Тўғри, бутун республикани ёки марказий шаҳарларни уч-тўрт йил ичида транспорт инфратузилмаси ва хавфсизлиги жиҳатидан имконияти чекланганлар учун қулай қилишнинг имкони йўқдир. Ҳукумат олдида бундан-да муҳим бошқа масалалар кўп. Аммо, ҳеч бўлмаганда, автобус бекатларини ногиронлар учун мослаштиришимиз керак.

Бу ҳақда Мирзо Улуғбек туманидаги 77-махсус кўзи ожизлар мактаби директори Pустам Сафаров шундай дейди:

– Мактабимизда 357 нафар кўзи ожиз ўқувчи таълим олади. Уларнинг 245 нафари мактаб ётоқхонасида туради. 10 нафари уй таълимини олади. Қолган 102 нафари ҳар куни уйидан қатнайди. Уйидан қатновчиларнинг 72 нафари маълум фоиз кўради, аммо 30 нафар ўқувчимиз умуман кўрмайди. Энди уларнинг мактабга бориб-келиши қанчалик мураккаблигини ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Уларни ҳар куни кимдир олиб келиб, олиб кетиши керак. Агар улар юрадиган йўлларда ногиронлар учун энг бирламчи шароит бўлса, бу имконияти чекланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳам катта ёрдам бўларди.

Бизнинг асосий вазифамиз — улар учун таълим муҳитини яратиб бериш. Аммо бу ўқувчилар ҳам бизнинг фарзандларимиз. Демак, уларнинг мактабдан ташқаридаги хавфсизлиги, йўлларда улар учун яратилган шароитга ҳам эътиборсиз бўлолмаймиз. Чунки транспорт ва йўл инфратузилмаси қулайлиги – имконияти чекланганларнинг ҳаётга мослашишини таъминлайдиган асосий шарт. Улар ҳаётга қанчалик кўп мосалаша олса, шунчалик жамиятда ўз ўрнини топади. Бунинг учун жамиятимизда, энг аввало:

– бекатларда автобуслар ҳаракати ҳақидаги маълумотларнинг брайл алифбосида ёзилишини;

– жамоат транспортида бекатлар ҳақида мунтазам маълумот бериб турувчи овозли ва матнли маълумот бурчаги ишлашини;

– жамоат транспортида ногиронлар аравачасининг чиқиши ва тушиши учун мўлжалланган пандуслар мавжудлигини таъминлашимиз;

– овозли светофорлар, йўлларнинг қайси томонга бурилиши, қаерда тўхташи ҳақидаги маълумотларни берувчи йўл тўшамаларини жорий этишимиз зарур.

Бу қулайликлар ногиронлар кўп ҳаракатланадиган ҳудудларда ва шу ҳудудларда қатнайдиган транспорт воситаларида бўлишига эътибор қаратишимиз керак. Масалан, Тошкент шаҳрида кўзи ожизлар кўп яшайдиган ва ҳаракатланадиган учта ҳудуд бор. Булар – Қўйлиқ-1 мавзеси, Чўпонота даҳаси ва Мирзо Улуғбек туманига қарашли 77-махсус кўзи ожиз болалар учун мўлжалланган мактаб атрофи. Худди шунингдек, бошқа ногиронлик йўналишлари бўйича ҳам улар энг кўп ҳаракатланадиган ҳудудларни аниқлаб олишимиз ва биринчи навбатда, мазкур ҳудудлардаги инфратузилмани яхшилаш чораларини кўришимиз керак.

Биз охирги ойларда юртимизга келтирилиши айтилаётган янги жамоат транспортларида ногиронлар учун қандай шароитлар бўлиши билан қизиқдик. Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 та 18 метрлик ва 500 та 12 метрлик табиий газда ишлайдиган автобуслар ҳамда 300 та 12 метрлик электробуслар, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари жамоат транспорти учун жами 1000 та табиий газда ишлайдиган автобус харид қилиш бўйича келишувларга эришилганди.

Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси матбуот котиби Элмира Нурованинг айтишича, мазкур автобусларнинг барчасида ногиронлар учун овозли ва матнли ахборотларни эълон қилиб бориш имконияти ва махсус пандуслар кўзда тутилган.

Зебо Намозова
“Ishonch”