Нурли келажакка коррупциясиз эришамиз!

42

Мамлакатимиз ёшларига етарлича сифатли таълим хизматлари кўрсатилмаётгани, коррупциявий ҳолатлар давом этаётгани соҳани замонавий методика ва илғор тажрибалар асосида тараққий эттиришни тақозо этмоқда. Бу борада 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ёшларимизни 2030 йилга қадар олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш вазифаси белгилаб берилган.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекис­тон халқига қилган мурожаатида таълим тизимига ҳам алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай деди: «…Сўнгги йилларда олийгоҳларимиз 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, унинг қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Биз бу рақамларни янада кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Лекин, таълим сифати нима бўлади, деган савол ҳаммамизни ўйлантириши керак. Авваламбор, бунга ҳар бир олийгоҳ ўзи ҳаракат қилиши лозим, ўшанда натижа бўлади».
Ушбу мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, юртимизда таълим тизимини такомиллаштириш, сифатини ошириш ва уни коррупциядан тозалаш борасида кўплаб ишлар қилиняпти.
Дарҳақиқат, таълимни коррупция­дан ҳоли қилиш шу куннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Содда қилиб айтганда, коррупция давлат идораларида ишлайдиган шахсларнинг ўз амалидан фойдаланиб, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари, пора эвазига сотилишлари ёки сотиб олинишлари, ноқонуний моддий ёки номоддий бойлик орттиришларидир.
Иқтисодчи П. Бэрдҳеннинг фикрича, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин: порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик ва ҳоказо.
Коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, унга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли ­институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган, ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишдаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Аммо ҳанузгача барча давлатлар учун қўл келадиган, коррупция­­га қарши курашда асқатадиган ягона ечим топилгани йўқ. Гап шундаки, коррупциянинг асл илдизи унинг пайдо бўлиш география­­си билан ўзгаради. Хўш, Ўзбекис­тонда қандай омиллар унинг куртак отиб, «гуллаб-яшнаши» га шароит яратмоқда?
Табиийки, коррупция ортида мўмай даромад топиш илинжи туради. Бироқ ҳар бир қуйи босқичда унинг ҳакалак отишига давлат хизматчиларининг ойлик маоши пастлиги сабаб бўлаётгани ҳам рост.
Масалан, маҳаллий ҳокимиятнинг оддий хизматчисини олайлик. Кучли билим ва тажрибага эга ходим ҳеч қачон кичик маош таклиф этилган ишда меҳнат қилмайди. Демак, унинг олдида икки йўл бор: иш жойини ўзгартириб, кўп ойлик ваъда қилиб турган хусусий секторга ўтиб кетиш ёки кичик маошга «қаноат» қилиб, коррупцияга қўл уриш. Бундай вазиятда, давлат органларида тажрибали ва билимли мутахассислар етишмовчилиги юзага келади.
Давлат органларида фақат ойлик маошни ошириш билан коррупцияга барҳам бериш мумкинми? Албатта, йўқ! Чунки коррупцияни келтириб чиқарувчи сунъий тўсиқлар мавжуд.
Сунъий тўсиқлар рўйхатининг бошида давлат органлари ходимларини ишга қабул қилишдаги «белгиланган мантиқсизлик» ва шаффофликнинг йўқлигидир.
Шу боис мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Хусусан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг тасдиқланиши юртимизда чиркин иллат билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни самарали амалга оширилишини таъминлади.
Бугунги кунда таълим тизимида таҳсил олаётган талаба ёшлар онгида ҳам «Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди», деган фикр шаклланиб қолгани энг катта хато ва камчилигимиздир. Шу боис Тошкентдаги «МЭИ» миллий тадқиқот университети» федерал давлат бюджети олий таълим муассасасида коррупцияга қарши курашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, унинг ижроси босқичма-босқич бажариб келинмоқда.
Таълим муассасасида талаба ёшлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш бўйича турли мавзуларда давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, семинар-тренинглар ва соҳа ходимлари билан учрашувлар ташкил этилиши яхши йўлга қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашишда амалий қадамлар ташланмас экан, ёшларимиз онгига коррупция иллати соя солиб тураверади. Биз оилада, боғчада, мактабда ва олий таълим муассасаларида ўғил-қизларимиз онгига, уларнинг руҳиятига таъмагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз турғунлигининг бош сабабчиси экани ҳақида етарли даражада тарбия­вий ва тарғибот ишларини олиб бормасак, мақсад-муддаога эриша олмаймиз.

Ҳожиакбар ДАЛИЕВ,
Тошкент шаҳридаги «МЭИ» миллий тадқиқот
университети Федерал давлат бюджети
олий таълим муассасаси ректори,
профессор
Алишер МАМАТҚУЛОВ
олий таълим муассасаси юрисконсульти