Андижон шаҳридаги «Андижон ёғ-мой» АЖда ишлаб чиқариш ҳажми тобора қисқариб бормоқда. Сабаби жамиятнинг моддий-техник базаси эскириб, замон талабларига жавоб бермай қолган.
10 йил аввал мингдан зиёд ходим фаолият юритган ушбу корхонада ҳозир бор-йўғи 70-80 нафар хизматчи ишлаяпти.
Сўнгги пайтларда «Андижон ёғ-мой» АЖ иқтисодий қийинчилик сабаб ходимларнинг ойлик маошини ҳам беролмай қолди. Шундай бўлса-да, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши саъй-ҳаракати билан 135 миллион сўм иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик ходимлар фойдасига ундирилди.
Жамиятнинг касаба уюшма аъзолик бадаллари 2021-2022 йилларда 160 миллион сўмни ташкил этган. Бироқ шу кунга қадар касаба уюшма аъзолик бадаллари умуман ўтказилмаган. Бу эса корхона ишчи-хизматчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилмоқда.
Ҳозирги кунда «Андижон ёғ-мой» акциядорлик жамиятининг 51 фоиз давлат улуши сотувга қўйилиб, мулкчилик шакли ўзгараётгани туфайли тегишли чораларни кўриш режага киритилган.
Шунингдек, ходимлар Д.Турсунова, Д.Усмонова, Р.Алижонова бола парваришидаги таътил пулларини ололмаётгани юзасидан йўллаган мурожаати ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.
Ғуломжон МУЛЛАЖОНОВ,
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси
Андижон шаҳар кенгаши раиси



