Ўқувчиларининг битирув имтиҳонларини олдиндан топширишлари ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

53

Ижтимоий тармоқларда энди Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари олдиндан битирув имтиҳонларини топширишлари ва мактаб дарсларига бормасликлари мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу маълумотларга изоҳ бериб, бу хабарларнинг мактабни ўз вақтида тугата олмаган, яъни мактаб ёшидан ўтган фуқароларнинг экстернат тартибида имтиҳон топшириш учун аризалар бериш билан боғлиқ хабарнинг нотўғри талқин қилинганлиги натижасида тарқатилаётганлигини билдирди.

Қайд этилишича, “Таълим тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, фуқароларнинг умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида экстернат тартибида имтиҳонларда фақат ўз вақтида турли сабабларга кўра умумий ўрта таълимни якунлай олмаган, аниқроқ айтганда, мактабни тўлиқ битирмаган 18 ёшдан ошган фуқаролар иштирок этади. “Экстернат тартибидаги имтиҳонларнинг мактабда таълим олаётган ўқувчиларга алоқаси йўқ ва уларга татбиқ этилмайди”, – дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, жорий йил 10 феврал куни вазирлик экстернат тартибида имтиҳон топширишда ариза бериш учун мактабга боришга ҳожат қолмагани, бу эса турли сабабларга кўра умумий ўрта таълимни якунлай олмаган, аниқроқ айтганда, мактабни тўлиқ битирмаган фуқароларнинг экстернат тартибида имтиҳонда иштирок этишда ариза топшириш ва бошқа ҳужжатбозликсиз имтиҳон топшира олишлари ҳақида хабар тарқатган эди.

Унга кўра, аризалар 2023 йилнинг 1 мартидан 1 майига қадар (шу куни ҳам) ўз уйидан чиқмаган ҳолда my.gov.uz орқали онлайн топширилиши, натижа 2 кунда фуқарога маълум қилиниши айтилади. Қайд этилишича, ушбу давлат хизмати бепул амалга оширилади.

Шунингдек:
• фуқаро фақат баҳолар табели ва маълумотномани электрон шаклда топширади (аввал ҳужжатлар сони 5 та бўлган);
• аризалар 2 кунда кўриб чиқилиб, натижаси фуқарога онлайн юборилади.

Якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган фуқароларга давлат намунасидаги шаҳодатнома берилади. Жорий ўқув йилида экстернат тартибида якуний давлат аттестацияси ўтказиладиган мактаблар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.