Ижтимоий тармоқларда йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ бир «янгилик»ка кўзим тушди. Унда айтилишича, ҳар қандай русумдаги енгил автомобилларнинг орқа ўриндиғида уч кишидан ортиқ йўловчи бўлса, жарима солинар экан. «Ўзи қоида бўйича шундай-ку…», дейсизми? Тўғри, шунақа. Аммо…
Илгари вазият тақозо қилса, орқа ўриндиқда катта ёшдаги кишилар 12 ёшга тўлмаган икки-уч нафар бола билан ҳам кетавериши мумкин эди. Энди эса, ёшидан қатъи назар, орқа ўриндиқда фақат уч киши кетиши мумкин. Агар йўловчилар сони ошса, жарима тўланади, тамом!
Энди тасаввур қилинг: эр-хотин ва уч нафар боладан иборат ёш оила йўлга чиққан. Болажонларнинг каттаси олти, кичиги эса икки ёшда. Ҳайдовчи: «Ока, орқага тўрт киши мумкин эмас…» деб туриб олса, шунда бечора йигит аёли ва бола-чақасини ташлаб, бошқа машинада кетадими?.. Қизиқ, жудаям қизиқ…
Менимча, ҳеч бир эркак ёш болаларини онаси билан ёлғиз қолдириб, ўзи бошқа машинада кетмаса керак. Яна ҳаммага аён ҳақиқат шуки, бўлиниб-бўлиниб кетишга, яъни йўлкирани ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайди.
Амалдаги қоидага кўра, болаларни ушлаб турувчи махсус қурилма бўлмаса, олд ўриндиққа 12 ёшга тўлмаганларни ўтқазиш мумкин эмас! Агар киракашда ўша қурилма бўлмаса-чи (бўлмайди ҳам), унда нима бўлади? Она олдинда, болалар орқада кетадими? Агар уч нафар болажонлардан бири эмизикли чақалоқ бўлса-чи?..
Хуллас, нима эмиш, «янгилик»нинг жорий этилишига автомашиналар учун белгиланган юк кўтариш меъёри «асос» қилиб олинибди. «Э, ўйнаб қўйдим…».
Тушунмадим, кимдир ёки кимлардир «перегруз» сабабли машиналар ишдан чиқяпти», деб арз-ҳол қилибдими? Ёки мақсад бошқами?..
Ундан кўра, халққа ноқулайлик туғдирадиган «янгиликлар» қилиш ўрнига, юриб бўлмайдиган йўлларни тўғрилайлик, «ўзимиз»нинг анави машиналаримизни сифатли ишлаб чиқарайлик, янги иш ўринлари яратиб, ишсизликни қисқартирайлик…
Тўғри, ҳар қандай «янгилик»дан кимлардир манфаатдор бўлади. Бу сафар киракашлар кўчасида ҳам байрам. Биттаси билан гаплашдим, у «жуда яхши бўпти, энди машина ҳам қийналмайди, клиентлар ҳам кўпаяди, яхшигина «навар» бўлади», деди. «Эчкига жон, қассобга мол қайғуси» деб шунга айтсалар керак.
Шу ўринда бир «таклиф»: балки ҳомиласи олти ойдан ошган аёлларга ҳам ушбу «янгилик»ни қўллаш керакдир. Чунки ҳомилада ҳам вазн бўлади-да. Балки ҳомиладор эмаслиги ҳақидаги «справка»си йўқ аёлларни машинага чиқармаслик керакдир? А, лаббай?
Хулоса шуки, ривожланган хорижий давлатлардан андаза олган яхши. Лекин уларнинг даражасига етиб олиб, андаза олинса, янада яхши!
Ўзбек халқи – болажон халқ. Назаримда, 1 ёшдан 8 ёшгача бўлган уч нафар бола орқа ўриндиқда онаси билан кетса, бунинг ҳаракат хавфсизлигига ҳеч қандай дахли йўқ!
Алижон Абдураҳмонов
