Таътилга чиққан ходимга моддий ёрдам бериладими?

280

Меҳнат муносабатлари – ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга асосланган ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланади. Бунда ҳар икки томон ҳам белгиланган қоидаларга риоя қилиши зарур. Жараён бор жойда турли саволлар туғилиши табиий. Меҳнат муносабатлари билан боғлиқ саволларимизга «Мадад» НТТ ижрочи директори ўринбосари Исломжон Абдураҳимов жавоб беради.

Савол: Меҳнат таътилига чиқаётганда таътил тўлови билан бирга йилда бир марта бериладиган моддий ёрдамни ҳам олса бўладими?

Жавоб: Таътил тўлови билан бирга моддий ёрдам бериш масаласи ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасанинг жамоа шартномасида белгиланади. Жамоа шартномаси мазмуни ва тузилишини тарафлар белгилайди. Жамоа шартномасига иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар, ходимларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш, ишдан бўшатиш шартлари, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътилларининг муддатлари, ишни таълим билан қўшиб олиб борувчи ходимлар учун имтиёзлар, ихтиёрий ва мажбурий тарздаги тиббий ҳамда ижтимоий суғурта ва бошқа масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин.
Агар сиз ишлаётган корхонанинг жамоа шартномасида таътил тўлови билан бирга йилда бир марта бериладиган моддий ёрдам пули ажратиш ҳам назарда тутилган бўлса, таътилга чиқиш ҳақидаги аризага ушбу пулни олиш ҳақидаги аризани ҳам илова қилиб, иш берувчига мурожаат қилишингиз лозим.

Cавол: Ишсизлик нафақаси кимларга тайинланади?
Жавоб: Ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсларга тайинланади. Ишсизлик нафақаси кўпи билан:
ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга 12 ойлик давр мобайнида 26 календарь ҳафта;
илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса 12 ойлик давр мобайнида 13 календарь ҳафта тўланади.

Cавол: Кимлар ишсиз деб ҳисобланади?
Жавоб: «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, 16 ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган, ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган меҳнатга лаёқатли шахслар (таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно) ишсиз деб эътироф этилади.

Cавол: Ишсиз шахсларга қандай моддий кафолатлар мавжуд?
Жавоб: Давлат ишсиз шахсларга қуйидагиларни кафолатлайди:

  • ишсизлик нафақаси тўлаш;
  • меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни умумий меҳнат стажига қўшиш;
  • ишсиз шахсга қарамоғидагиларини ҳисобга олган ҳолда моддий ёрдам бериш;
    ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имконияти;
  • меҳнат органларининг таклифига биноан ишлаш учун ихтиёрий равишда бошқа ерга кўчиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш.