Бугун ижтимоий тармоқларда энагалар, тарбиячиларнинг болаларни ураётган видеолари кўп тарқаляпти. Ахборот шундай нарсаки, воқеадан ўша пайтдаёқ хабар топамиз, ўрни келса, муносабат, фикр билдирамиз ва орадан вақт ўтиб, унутамиз. Муаммолар эса муаммолигича қолиб кетаверади. Видеоларда акс этган лавҳалар юракларни қалқитади, орадан вақт ўтиб, тани-жони бошқалар уларни аста-секин эсдан чиқаради. Аммо калтакланган гўдаклар-чи?..
Уларнинг танаси жароҳат олмаган бўлса-да, қалбидаги жароҳат излари ўчмайди. Бу ҳақда оила ва болалар психологи Алишер НОСИРОВ шундай дейди:
— Кичик ёшдаги болалар нима учун калтакланаётганини тушунмайди. Фақат ота-онаси уни нега бу баджаҳл инсонга ташлаб кетгани ҳақида ўйлайди. Натижада, унда қўрқув, ночорлик ҳисси юзага келади. Бола катта бўлганда ҳам бу ҳиссиёт уни тарк этмайди. Ҳар бир бола доим ота-она тарафидан ҳимояга, ҳимояланишга эҳтиёж сезади. Урадиган энаганинг қўлида қолган болаларда бу эҳтиёж ортгани сари руҳиятида ўзгаришлар сезилади. Кўп ота-оналар бу ҳолатдан бехабар бўлади. Бола гапира олган тақдирда ҳам, унга ишонмасликлари мумкин.
Шундай болалар “Мени ҳеч ким ҳимоя қилмайди”, деган қўрқув билан улғаяди. Катта бўлганда эса ана шу қўрқув натижасида урушқоқ, турли вазиятларда ўзини идора эта олмайдиган бўлиб қолади. Атрофдагилар билан сабабсиз жанжаллашади ёки ўзини кўрсатишни бошлайди. Ҳатто катталарга, устозларга, ота-оналарига ҳам қўпол муомала қилади. Эски хотиралари, ҳаётига тааллуқли сўзлар уни мувозанатдан чиқариб юбориши мумкин ёки умуман ўз қобиғига ўралиб, ёпиниб олади. Камгап, қўрқоқ, ўзига ишончи паст одамга айланади.
Психологнинг таъкидлашича, бола ҳолат ҳақида ота-онасига айтса-ю, унга ишонишмаса, тушкунликка тушиб қолади. Гўдакларда шу ҳолатлар юз берса, улғайганда кўпинча тушунарсиз асабийлик юзага кела бошлайди. Хотиралар уни ҳеч қачон тарк этмайди. Кейинчалик ўша энага ҳидига ўхшаш ҳидларни туйганда, овозига ўхшаган овозни эшитганда, ураётган, сўкаётган вақтда ишлатган сўзларини эшитганда, ана шу воқеалар хаёлида қайта жонланади. Чунки гўдакларда тана, сўз, ҳид хотиралари бўлади. Шундай одамларни учратганда, асабийлашади ёки ўзини олиб қочади.
Шу боис ота-оналар имкон қадар болаларни тинглаши, руҳиятидаги ўзгаришларга ҳамиша эътибор қилиши лозим. Энагаларни ёллашда унинг хулқ-атвори ҳақида яхши билиш, болаларга бўлган меҳр бор-йўқлигини сезиш лозим. Кўпчилик ҳали ўзлари ота-оналикка тайёр бўлмасдан туриб фарзандли бўлишади ва натижада болаларини нотаниш, турли характердаги инсонлар қўлига топширади. Болаликдаги жароҳатлар унинг бутун ҳаётига таъсир қилишини унутмаслигимиз керак.
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА



