Ишончсизлик вотуми деганда, парламент бошқарув тизими мавжуд бўлган давлатлар парламенти фаолиятида қоида тариқасида ҳукумат ёки айрим вазирларнинг сиёсий йўли, муайян тадбири ёки қонун лойиҳаси қуйи палата томонидан номаъқул деб топилиши тушунилади. Хорижий давлатлар тажрибасини кузатсак, бундай тартиб-қоида уларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгилаб қўйилганининг гувоҳи бўламиз.
Масалан, АҚШнинг Орегон штатидан ташқари, барча штатларида уларнинг қонун чиқарувчи органи губернаторни импичмент қилиш ҳуқуқига эга. Аксарият штатларда бу жараён президентларга импичмент билдириш федерал даражада қўлланиладиган жараёнга ўхшайди. Агар штатнинг қонун чиқарувчи органи қуйи палатаси импичментни қўллаб-қувватласа, у ҳолда юқори палата импичмент суди вазифасини бажаради ва губернаторни айбдор деб топиш тўғрисида овоз беради.
«Қозоғистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига асосан, Маслаҳат органи (вакиллик органининг номи) депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисми ташаббуси билан ҳокимга ишончсизлик вотуми билдириш масаласи қўйилиши мумкин. Бундай ҳолда Маслаҳат органи ўз депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан ҳокимга ишончсизлик билдириш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масалани тегишли равишда мамлакат Президенти ёки юқори турувчи ҳоким олдига қўйиш ҳуқуқига эга.
Қирғиз Республикасида 2011 йил 15 июлда қабул қилинган «Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг 211-моддасида маҳаллий кенгашларнинг қўшма мажлиси маҳаллий ижро ҳокимияти органи раҳбарига ўз вазифаларини бажармагани ёки лозим даражада бажармагани учун маҳаллий кенгашлар қўшма мажлиси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисми овози билан ишончсизлик билдириш ваколатига эгалиги қайд этилган.
Ўзбекистон қонунчилиги ҳужжатларида маҳаллий ижроия ҳокимият органлари раҳбарлари, яъни ҳокимларга нисбатан у ёки бу вакиллик органи ёхуд ташкилот томонидан ишончсизлик вотумини билдириш бўйича нормалар белгиланмаган.
Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолияти устидан маҳаллий вакиллик органлари томонидан етарлича назорат ўрнатилмагани, ҳоким қарорларни қабул қилиш жараёнларининг мураккаблиги, очиқлиги таъминланмагани ҳамда ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмагани жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномасида сўнгги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилингани танқид остига олинди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 2019-2021 йилларда суд қарорлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг таъсир чораларига асосан бекор қилинган, ҳақиқий эмас деб топилган ва қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилган қарор ва фармойишлари Адлия вазирлиги томонидан унинг ҳудудий органлари билан ҳамкорликда ўрганилиб, таҳлил қилинди.
Олинган статистик маълумотларга кўра, шу давр мобайнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жами 28 253 та ҳужжати, шундан прокуратура, адлия ва бошқа органлар таъсир чораларига мувофиқ 14 492 та қарор ва фармойиш бекор қилинган ҳамда 8 725 таси қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилган, 5 036 таси суд органлари томонидан ҳақиқий эмас деб топилган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари жорий қонун ҳужжатларига зид, ноқонуний қарор ва фармойишлар қабул қилинишининг асосий сабаб ва омиллари сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:
1. Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолияти устидан маҳаллий вакиллик органлари томонидан назорат қилишнинг аниқ механизми мавжуд эмаслиги, маҳаллий ижро ва вакиллик органларига раҳбарлик бир шахс томонидан амалга оширилиши.
2. Маҳаллий вакиллик органлари депутатлари жамоатчилик асосида фаолият юритиши ҳамда ишга бўлган муносабат ҳам шунга монанд эканлиги, уларнинг фаолияти етарлича мувофиқлаштирилмаётгани.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норма ижодкорлиги тартибларини бузиш ҳолатлари мавжудлиги ва бунинг учун қонунчиликда аниқ жавобгарлик белгиланмагани.
4. Ҳокимликларда дискрецион ваколатлар кенглиги (чегараларини аниқлашнинг имкони мавжуд бўлмаган ваколатлар) оқибатида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қарорлар қабул қилиниши ҳолатлари мавжудлиги.
5. Ҳокимликлар томонидан ўз ваколатлари доирасига кирмайдиган айрим ҳужжат (қарор, фармойиш)ларнинг қабул қилиниши.
6. Юридик хизмат ходимларининг малакаси ва ойлик иш ҳақининг пастлиги ҳамда уларнинг зиммасига ортиқча вазифалар юкланиши.
7. Маҳаллий норма ижодкорлиги жараёни устидан жамоатчилик назорати ўрнатилмагани ва соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) жорий этилмагани.
Ҳокимликлар томонидан ноқонуний ҳужжатлар қабул қилинишининг олдини олиш, уларнинг фаолияти очиқлигини таъминлаш, соҳада замонавий АКТни қўллаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги 390-сонли қарорига биноан «E-qaror» электрон тизими ўша йил 1 июлдан эътиборан республиканинг барча даражадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этилиб, қабул қилинаётган қарор ва фармойишлар мониторингини юритиш адлия органлари зиммасига юклатилди. Ҳудудий адлия органлари томонидан «E-qaror» электрон тизими ишга туширилганидан то 2023 йилнинг 1 январига қадар тизим органлари ўтказган мониторингларда 8 881 та қонунбузилиш ҳолатлари мавжуд ҳокимлик қарорлари аниқланди. Уларнинг 6 939 тасини бекор қилиш юзасидан 2 478 та таъсир чораси киритилди. Натижада 6 630 та қарор бекор қилинди ва 231 нафар масъул ходим интизомий жавобгарликка тортилди.
Юқоридаги далиллар шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий вакиллик органлари ваколатларини кучайтириш, ижро органлари фаолиятига том маънода халқ вакиллари сифатида баҳо берилишининг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида ҳокимларга ва кенгашга ҳисобот берувчи шахсларга ишончсизлик вотуми билдириш юзасидан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини янада бойитиш ва такомиллаштириш зарур. Бу таклифлар инобатга олинса, аввало, ҳалқ вакиллари бўлмиш депутатлар ва маҳаллий кенгашларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда ваколатлари ошади, ижро ва вакиллик органларининг бир-бирини тийиб туриши ва ҳокимиятлар бўлинишининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланади, пировардида вакиллик органлари фаолияти кучаяди.
Сардорбек АЗИЗОВ,
Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи
