Ўзидан баҳорлар қолдирган шоир

64

Яқинда Хоразм улкан маънавият байрамига мезбонлик қилди.
Ўзбек адабиётининг етук вакилларидан бири, Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган маданият ходими, шоир Матназар Абдулҳаким таваллудининг
75 йиллиги кенг нишонланди.

«Адабиёт кунлари» доирасида дастлаб воҳа ижодкорлари Урганч туманидаги Шоҳобиддин бобо қабристонида мангу қўним топган шоир ­қабрини зиёрат қилишди. Шоир яшаган уй пештоқига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди. Вилоят ахборот-кутубхона марказида шоир таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан 2023 йил тақвими, янги нашр этилган китоблар, шоир ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи фотокўргазма тақдимоти ўтказилди. Вилоят мусиқали драма театрида «Назм ва наво» кечаси ташкил этилди. Шоир фаолият кўрсатган Урганч туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабида адабий-маърифий кеча, Хоразм Маъмун академиясида «Хотира кечаси» уюштирилди. Урганч Давлат университети Маданият саройида «Матназар Абдулҳаким ижодининг ўзбек шеъриятида тутган ўрни» мавзуида илмий-адабий анжуман ўтказилди.
Албатта, бу тадбирлар мундарижасининг ­кенглиги Матназар Абдулҳаким ижоди ва фаолияти ҳақида билдирилажак фикрлар кўплигидан далолатдир.

«Гарчи ишқ мангу бахт, боқий жамолдир,
Умр деганлари эсган шамолдир,
Шиддати қошида учган ўқ лолдир,
Ўзингдан ҳамиша баҳорлар қолдир,
Эмассан ҳамиша баҳор, юрагим» деб ёзган эди шоир.
Матназар Абдулҳаким баракали ижод қилиб, ўзидан бой адабий мерос қолдирди. Унинг ҳаёти, асарлари ва илмий изланишлари «Шоирлар қишлоқда туғилиб, шаҳарда ўлади» деган таъбирнинг ҳар доим ҳам ҳақиқатга тўғри келавермаслигини исботлади десак, асло муболаға бўлмайди. Шоир чекка бир ҳудудда туриб, ўзи яшаган манзилни адабиёт марказига айлантира билди. Рус ва форс тилларини мукаммал билиши туфайли Шарқ ва Ғарб фалсафасини бир нуқтада жамлай олган ижодкор бетакрор сатрлар битди. «Дарсдан сўнг» шеърида ёзганидек, шоир ўз ижодини улкан йўлдан бораётган миллатни қашқирлардан ҳимоя қилишга бағишлади. Бу йўлда бирон- бир сўзни увол қилмади. Ҳар бир асарига, ҳар бир сатрига ижтимоий салмоқ юклади.
Ижодкорга бағиш­ланган тантаналарда унинг кўплаб хислатлари тилга олинди. Камтарлиги, ёшларга меҳрибонлиги, билимдонлиги, унвони йўқ олим эканлиги, буюк ватанпарварлиги, ўзбек тили ривожи учун жон куйдирганлиги…
Матназар Абдулҳаким дўстларига, ёш ижодкорларга ниҳоятда ­эътиборли эди. Ялт этган учқун борки, устоз эътиборидан четда қолмаган. Ёшларни ижодга рағбатлантирган. Бу рағбат кўплаб гўзал асарларнинг дунёга келишига сабаб бўлган. «Дарёдан ҳар ким ўз ташналигига яраша сув ичади, парвоздаги қуш ҳам осмоннинг бор баландлигини забт эта олмайди», деган эди шоир. Матназар ака ёш ижодкорлар чанқоғини қондириш учун дарё, парвоз қилиши учун осмон бўла олган саховатли қалб соҳиби эди.
Тадбирларда Матназар Абдулҳаким ижоди ҳали кўп тадқиқ этилиши зарурлиги айтиб ўтилди. Тўғри, бир неча олимлар шоир ижоди бўйича фалсафа доктори унвонига эга бўлдилар. Бироқ бир қучоқ гулнинг ҳали ҳамма ифорлари кашф қилинмаган. Зеро, «Тиниқ тонглар», «Фасллар қўшиғи», «Қор қўшиғи», «Ёнимдаги дарёлар», «Қорачиқдаги дунё», «Бир қучоқ гул», «Ойдинлик», «Сўнгги япроқ» каби тўп­ламларнинг ҳар бири бир дунё, бир тилсим.
«Матназар Абдулҳакимнинг ўткинчи машмашалар билан иши йўқ. Чунки у бу дунёнинг бозорига кечиримли бир тарзда кулибгина қарайдиган одам. Молу давлат – китоблари ҳам кўп. Ёлғиз қолишдан ҳам чўчимайди. Ҳамсуҳбатлари улуғ зотлар – Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Шайх Саъдий, Мирзо Бедил… Юраги тўлса, шеър ёзади. Дили қақpaca, ўқийди. Ўзи яхши билган форсийзабон шоирларни мутолаа этар экан, улардан олган завқу шавқини бошқаларга ҳам улашгиси келади, таржима қилади…» деб ёзган эди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим.
Матназар Абдулҳакимнинг рус, форс ва туркман тилларидан таржималари ўзбек таржима мактабида ўзига хос ўринга эга. Хоразм Маъмун академиясида фаолият кўрсатган йилларда ва унгача олиб борган илмий изланиш­лари – тамаддунга муносиб ҳисса.
– Ҳар бир масканнинг ўз устунлари бўлади. Хоразм Маъмун академиясининг устунларидан бири Матназар Абдулҳаким эди, – дея хотирлайди тарихчи олим Машариб Абдуллаев. – Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, бутун умр ёнингизда бўлади, сиз билан ҳар доим ҳамнафас, яхши-ёмон дамларингизда елкадош бўлади. Аммо сиз буни сезмайсиз, гўё ҳаммаси шундай бўлиши керакдай… Бир кун сиз жуда ёлғизланиб қолганингизни сезиб қоласиз, нимангиздир йўқдек. Матназар Абдулҳаким ана шундай ИНСОН эди. У адабиёт, илм аҳли ва жамиятнинг елкадоши, беминнат дастёри эди. Шоирнинг «Иккинчи муаллим сабоқлари» номли китоби Давлат мукофотига тавсия қилинган, кўпчиликка маъқул келган. Бироқ китобнинг нашр сифати талабга жавоб бермагани учун мукофотга лойиқ кўрилмаган.
Матназар Абдулҳаким ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳеч кимга хушомад қилмади. Борини бор ҳолича ёзди. Шунинг учун ҳам кимлардир унинг ижодидан сиёсий хато излаган. У унвон ё мукофот талашмади. Шунчаки ёзди. Халқ учун, ҳақ учун ёзди.
«Адабиёт кунлари» доирасида ўтказилган тадбирларда минглаб ёшлар иштирок этди. Улар шеърига ҳайкал ўрнатилган шоирнинг бебаҳо меросидан баҳраманд бўлишди.
Ҳа, Матназар Абдулҳаким адабиётга дахлдор бўлиш учун қандай ижод қилиш камтарин, комил инсон бўлиш учун қандай сифатларга эга бўлиш, элга, юртга қандай хизмат қилиши кераклигини исботлаб кетди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

***
Бахт уйлари кўпдир, бахтли бўлмадим,
Оромгоҳлар кўпдир, олмадим ором.
Ўғрилар тўғридир, тўғрилар ўғри,
Ҳаромлар ҳалолдир, ҳалоллар – ҳаром.

Сабрим чидамади сабр қилмоққа,
Тоқатим етмади қилмоққа тоқат.
Ҳеч ким ор этмагач шармисорликдан,
Энг шарманда юмуш бўлгач садоқат.