Ижтимоий тармоқлар қай сўқмоққа етаклар?

78

Бугунги кунда ҳаётимизнинг муайян қисми интернетга кўчган десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки таълим дейсизми, соғлиқни сақлаш, савдо-сотиқ дейсизми, барча соҳаларда ундан эркин фойдаланамиз. Ҳатто дўстлик ёки севги туйғуларини ижтимоий тармоқлардан қидирадиганлар ҳам топилади. Оқибатда кўпчилик сохта туйғуларга алданиб, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмоқда.

Масалан, «Йигит ўзига таниш аёлга шахсий видеоларни тарқатиш билан «шантаж» қилди», «Суратларни тарқатмаслиги эвазига товламачилик йўли билан пул сўради», «Ишқий муносабатлари акс этган фото ва видео­тасвирларини тарқатмаслик эвазига пул олаётган вақтда қўлга тушди» каби хабарларга дам-бадам кўзимиз тушади. Булар фақат Ички ишлар идоралари томонидан аниқланган ҳолатлардан бир томчи, холос. Кўпчилик эса истиҳола қилиб, тегишли ташкилотларга ўз вақтида мурожаат қилмайди, шаънига доғ тушмаслиги учун товламачи сўраган пулни бир амаллаб топиб беради. Лекин шундан кейин ҳам узоқ вақт ундан қутулолмай юради.
Бундай ҳолатлар туфайли қанчадан-қанча оилалар тинчлигини ­йўқотяпти, ота-оналарнинг номусдан боши эгиляпти, ёш оилалар барбод бўляпти. Энг ачинарлиси, иложсизликдан ўзини ўзи ўлдиришгача бораётганлар ҳам йўқ эмас.
Яқинда бир танишимиз қизини унаш­тирган эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бўлажак куёв билан келишолмай, тўйни бекор қилмоқчи бўлади. Шунда йигит аёлга қўнғироқ қилиб, минг доллар беришини талаб қилади. Агар талаби бажарилмаса ёки тўй қолдирилса, қиз билан бирга тушган суратларини интернет орқали тарқатиб юборишини айтади. Бу гапни эшитиб, она ваҳимага тушади. Қизининг ­кейинги тақдиридан қўрқиб, ноилож тўй қилишга розилик беради.
Бундай воқеалар сўнгги пайтларда бот-бот кузатиляпти. Хўш, унинг сабаб­лари нимада? Хотин-қизлар фирибгарлар ва ёлғончиларга нега бунчалик ишониб қолишмоқда? Уларнинг соф-тоза туйғулари нега ғаразли мақсадлар йўлида қурбон бўлмоқда?
Ижтимоий тармоқлар кундалик ҳаё­тимизда тобора кўпроқ ўрин эгаллаяпти. Аксариятимиз эрта тонгдан кечгача виртуал ҳаёт оғушидамиз. Гоҳо иш юзасидан, гоҳида ахборот алмашиш, вақт ўтказиш ниятида интернетга ипсиз боғланиб қоламиз. Табиийки, кўпчилик, айниқса, ёшлар ундан тўғри, самарали ва ўз ўрнида фойдаланишни билмайди ёки жорий қоидаларга риоя қилмайди. Қолаверса, интернетда инсоний ҳис-туйғулар шу қадар очиқлашиб кетганки, йигит ва қиз бир-бирига бемалол муҳаббат изҳор қилади, севгисини атрофдагиларга кўз-кўзлайди. Бирга тушган фотосуратлари ёки видеоларини интернетдаги саҳифаларига жойлайди ёки алмашади. Илгари-чи?.. Илгари қизлар муҳаббатдан сўз очиш у ёқда турсин, севган кишисининг кўзига тик қарашга ҳам уялганлар…
– Йигит-қизлар ҳар қанча яқин муносабатда бўлмасин, бирга расм ва видеоларга тушиш яхши эмас, – дейди хотин-қизлар ва зўравонлик масалаларини ўрганувчи блогер Ақида хоним. – Агар танишган одами, аниқроғи, сохта севгилиси расм-видеоларини тарқатиш билан қўрқитадиган бўлса, биринчи навбатда, ички ишлар органларига мурожаат қилиш лозим. Қонунда бундай қилмиш учун муқаррар жазо белгиланган. Аммо ана шундай таҳдидга учраган баъзи қизлар «Айтсам, одамлар орасида шарманда бўламан-ку!» деган истиҳолага бориб, бунга жазм қилолмайди. Қарабсизки, жазоланмай қолган товламачилар узоқ вақт уларни шундай пўписа билан қўрқитиб юришади.
Айрим аёллар бу масалада кимга ва қаерга мурожаат қилиш мумкинлигини ҳам билмайдилар. Кўпинча блогерлардан ёрдам кутадилар. Ижтимоий тармоқ юритувчилари муаммони имкон қадар ёритадилар, лекин унга қарши чора кўролмайдилар. Улар фақат ўзлари аниқлаган маълумотларни тегиш­ли ташкилотларга тақдим этиш ваколатига эга. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларгина фирибгарни жазога тортади. Акс ҳолда, муаммо тобора илдиз отиб бораверади.
Замонавий ёшларнинг аксарияти вайн, тик-ток, инстаграмдан фойдаланади, уларни кузатади. Ушбу нохушлик­ларнинг олдини олиш учун ижтимоий тармоқ фаоллари билан ҳамкорликда ишлаган маъқул. Вайнерлар, тик-токер, инстаграм юритувчилари ва албатта, ҳуқуқшунослар, блогерлар алдамчи туйғулар, айни турдаги фирибгарликларнинг оқибатлари, улар учун белгиланган жазолар ҳақида лавҳалар бериб боришлари, ёшларни ва хотин-қизларни мудом огоҳликка ундашлари зарур. Бу борада, айниқса, ота-оналар, зиёлилар, устоз-мураббийлар, маҳалла фаолларидан, сирасини айтганда, жамиятнинг уйғоқ вакилларидан фаоллик талаб этилади. Улар ёшларнинг юриш-туришларини биргаликда назорат қилиб боришлари, тўғри йўл-йўриқлар кўрсатишлари, покиза туйғуларни ўткинчи ҳою ҳавас­ларга алишмасликни, дуч келган кишининг макр-ҳийласига учмасликни тушунтиришлари лозим.
Аёл зоти азал-азалдан ҳаё, ибо тимсоли саналади. Қолаверса, динимизда номаҳрам деган тушунча ҳам бор. Шариат бўйича аёлларнинг бегона эркак­лар билан очиқ муносабатда бўлиш­лари, уларга ўз суратларини тақдим этишлари ёки бирга суратга тушиш­лари тақиқланади.
– Инсон ижтимоий тармоқлардан эзгу ва холис ниятда фойдаланиши жоиз, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо ­Соатова. – У интернетнинг дунё охирати учун зарар келтирувчи чексиз-чегарасиз кўчаларида санғиб, вақтини зое кетказмаслиги керак. Номаҳрамларга шаҳват кўзи билан қараш унинг гуноҳга ботишига сабаб бўлади, зеҳни ва хотирасини сусайтиради, саломатлигига путур етказади. Бундан ташқари, эркакнинг аёлига ёки аёлнинг эрига нисбатан қизиқиши йўқолиб, оиласи ва фарзанд тарбиясидаги масъулиятини ҳис этмай қўяди. Оилалардаги бундай парокандаликлар жамиятимиз тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши тайин.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: «Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир» (Нур сураси, 30-оят).
Модомики, шундай экан, айрим йигит-қизлар шайтоний нафс истагида номақбул ишлар билан шуғулланиб, устига-устак, буни ижтимоий тармоқларда ҳаммага кўрсатиб, зинода ўзига шерик бўлган ожизаларга уларнинг шармандасини чиқариб, обрўсини тўкиш билан таҳдид қилаётганини қандай баҳолаш мумкин? Ёки айрим аёлларнинг ижтимоий тармоқ саҳифалари профилларига турли ёшдаги эркаклар эътиборини тортадиган, зинога етаклайдиган турфа кийимдаги ва ноз-карашмали ҳолатдаги суратларини қўйиш­ларига нима дейиш мумкин?
Энг ёмони, ана ўша биргина сурат воситасида танишувлар, номаҳрамларнинг ўзаро суҳбатлари, бора-бора бир-бирлари билан учрашувлар, ҳатто зино қилишлар ҳам содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шариатнинг бош мақсадларидан бири эса инсонларга ҳалолликни ўргатишдан ва ҳаромга элтувчи барча эшикларни ёпишдан иборат.
Аёл – сирлилиги, хулқ-атвори, сийрати билан гўзал. У қанчалик очиқ китоб бўлса, шунчалик қадрсизланиб боради. Агар у ўз қадр-қимматини билса, ҳеч ким унга ва шахсиятига таҳдид қилолмайди. Демакки, инсон хатти-ҳаракати учун, аввало, ўзи жавобгар. Гапираётган сўзимиз, амалдаги ишларимиз, ўзгалар билан муносабатимиз одоб-ахлоқ доирасида бўлмоғи лозим. Биз ана шу чегарани унутмаслигимиз ва ундан четга чиқмаслигимиз шарт!

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
«ISHONCH»