Бўшаб қолган ўринларга қайта сайлов ўтказилмайдими?

38

119-Гурлан сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат Зафар Абдиримов яқинда Ҳазорасп тумани ҳокими этиб тайинланди. Январь ойида эса яна бир хоразмлик депутат, 120-Ҳазорасп сайлов округидан шу парламентга сайланган Нигора Қутлимуратова вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажара бошлади.

Демоқчи бўлганим, ҳозирги кунда Қонунчилик палатасида ўндан зиёд депутатлик ўринлари бўш. Масалан, 48-Тўрақўрғон сайлов округидан сайланган депутат Акмал Бурҳоновнинг муддати 2020 йил августда тугатилган. Борий Алиханов ва Нариман Умаров 2020 йил октябрда Олий Мажлис Сенати аъзолари этиб тайинланган. Аваз Ўринбоев 2021 йил март ойида Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосарлигига лойиқ кўрилган. Шуҳрат Полвановнинг Олий суд раиси ўринбосари лавозимида иш бошлагани муносабати билан 2022 йил ­ноябрь ойида депутатлик ваколати тугатилган.
Сайлов кодексининг 74-моддасида бўшаб қолган ўринларга Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш тартиблари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, депутатларнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ҳолларда, тегишли сайлов округларида янги сайлов ўтказилади. У Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов ўтказилишига камида бир ой қолганида тайинланади ва ушбу Кодекс талабларига биноан ташкил этилади. Бунда округ сайлов комиссияси сайловга йигирма беш кун, участка сайлов комиссия­лари эса ўн беш кун қолганида тузилади. Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўн беш кун қолганида тугалланади. Қонунчилик палатаси ваколат муддатининг тугашига олти ойдан кам вақт қолганида Қонунчилик палатаси депутатининг ўрни бўшаб қолган тақдирда, бу ўринга янги депутат сайлови ўтказилмаслиги мумкин. Бироқ шу пайтга қадар Олий Мажлис қонунчилик палатасининг бўшаб қолган ўринларининг биронтасида сайлов ўтказилмаган. Кодексда, шунингдек, депутатлик ваколати тугатилгандан кейин қанча муддат ичида қайта сайлов ўтказилиши очиқланмаган.
Сайлов кодекси қабул қилинганида сиёсатчиларимиз унинг оламшумул аҳамиятига эътиборни қаратишганди. Бироқ қонун ижроси билан кучли дейдилар. Шундай экан, Сайлов кодексининг 74-моддаси ижроси нега таъминланмаётгани кўпчилик учун қизиқ туюлаётир.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«ISHONCH»