You Tube платформасида блогерлик билан шуғулланиб келган 47 ёшли янгийўллик фуқаро Л.Мирзаахмедова (Эмина Караманова тахаллуси билан танилган)га нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.
Тошкент вилояти ИИББга кўра, унга тегишли “Teх kredo” МЧЖга, Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган, хотира майдончасини замонавий шаҳарсозлик талаблари даражасида таъмирлаш учун, шартнома асосида, маҳаллий бюджет ҳисобидан, 329,3 млн сўм миқдордаги пул маблағлари ажратиб берилган.
Кейинчалик, мазкур шартнома ижроси юзасидан ўтказилган аудиторлик текширувида эса, пудратчи МЧЖ раҳбари Мирзаахмедова ва бошқалар томонидан, аслида бажарилмаган 227 млн 135 минг сўмлик ишларни қўшиб ёзиш орқали расман бажарилган ишлар ҳисобига киритиб, кўп миқдорда бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.
Бошқа бир ҳолатда ҳам, ушбу МЧЖ мансабдорлари томонидан халқ таълими бўлими тасарруфидаги 7-сонли мактабнинг қўшимча хўжалик биносини қуриб бериш учун шартнома асосида 157 млн сўм бюджет маблағлари ажратилган бўлиб, иш ҳажмини қўшиб ёзиш орқали ҳақиқатда бажарилмаган ишлар учун яна 13 млн 441 минг сўм пуллар талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 3-қисми, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш ва қалбакилаштириш, сотиш ёки фойдаланиш), 2 ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Расмий ахборотга кўра, мазкур жараёнлар фуқаро Мирзаахмедованинг блогерлик фаолиятига алоқадор эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “ютуб-блогер” Абдуқодир Мўминовнинг ҳам қамоққа олингани ва у ҳозирда товламачилик жиноятини содир этганликда гумонланаётгани айтилган эди.
