Ўзбекистон туғуруқхонадан иборат эмас!

77

 Ўтган йили тақдимоти (премьераси) ўтгач,­ ҳам эътироф этилган, ҳам эътирозлар билдирилган ўша кинофильмни яқинда кўрдим. Томоша қилса бўлади, аммо фақат бир марта. Чунки…

Унда ўзимиз эмас, ўзгалар улуғланган…

  • Шу десангиз, фильм бош қаҳрамони нуқул “юқори”дан, яъни Россия махсус хизмати вакилларидан топшириқлар олиб, уларга “отчёт” бериб туради.

Тўғри, терроризм ва халқаро уюшган жиноятчиликка қарши ҳамкорликда курашилади. Лекин буни ифодалашда қайсидир давлатни ҳаддан ташқари устун қўймаслик керак, назаримда. Айниқса, фильмга ажратилган маблағ асосан ўзимизнинг чўнтакдан кўчганда.

  • Титрларда бир неча бор Москва, Санкт-Петербург, Стокгольм… деган ёзувлар пайдо бўлди ва айниқса, Россия шаҳарлари, табиат манзаралари роса кўз-кўз қилинди.

Кутдим, кинонинг охиригача кутдим, лекин экранга Тошкент, Самарқанд… деган ёзув чиқмади.

Нима, юртимизда кинога “сиғдириб”, сингдириб юборишга ва уларни сонияларда кўрсатиб ўтишга арзигулик масканлар, манзаралар йўқми?..

  • Фильмда рус ҳарбийлари ва улар иштирокидаги ҳарбий операциялар, “қаҳрамонликлар” тузуккина тасвирланган. Бир эпизодда ҳарбийлар туткунликдаги одамларни “Rasha, Rasha…” деб озод қилишади.

“Россия, Россия…” Кинога сингдириш, киши билмас “едириш” — шу эмасми?

  • Бош қаҳрамонлардан бири Булат бир эпизодда миллий мусиқа асбоби — дўмбирани чалиб ўтиради. Яхши, лекин Баронга ҳам дуторми ёки рубоб чалдирса бўлармиди?..
  • Чеченлар мардлиги, қайтмаслиги билан машҳур. Буни биламиз. Фильм якунида сўнгги кадрлар Эҳсон иштирокидаги лавҳалар билан ёпилади. Фильмда Эҳсоннинг чечен эканлигига бир эмас, уч марта урғу берилади.

Эҳсон: “Я сын чеченца…”

Эҳсон: “Я соскучился по Чечне…».

Барон: “Береги себя, полковник, сын чеченца”.

Асалнинг ҳам ози ширин, дейишади. Кўпайиб кетибди. Мақсад нима?

Ўша кўп асални Баронга илиниш керак эди.

  • Кино тугагач, фильмга “ҳисса” қўшганлар кимлигини билиш мақсадида экранда пайдо бўлган ёзувлар ва суратга олиш жараёнидан олинган лавҳаларни охиригача кузатдим…

Режиссёр ёрдамчисими, хуллас, кимдир ён томонга қараб, кимгадир “Ҳозир бу ердан жангарилар ўтади. Сен қўрқиб кетган бўласан, югуриб кетасан. Шуни ўйнаб берасан. Матнни эслаб қолдинг-а? Яхши, омад!”, дейди. Шундан сўнг, узилмасдан ён томонга сурилган кадрда қўй “кўриниш беради”.

Аммо шу жойига беш кетдим. Фильмда қўй ҳам “актёрлик”дан “сабоқ” олган экан.

Суратга олиш якунлангач, аввал қозонга, сўнг ошқозонларга тушиб кетган ўша “актёр”га “роль” бериб, улар нима дейишмоқчи?.. Ўхшамабди…

  • Ўзбекистондан ташқари Туркия, Қозоғистон, Тожикистон, Беларусь, Россия, Миср ва Суриядан ҳам бир гуруҳ актерлар катта-кичик образлар яратган бу кинога жуда катта миқдорда маблағ сарфланган. Лекин у савия ва бадиий жиҳатидан қимматли эмас.
  • Қўлга тушган Барон калтаклардан ҳолсизланиб, ҳушидан кетаётганда… Ва ниҳоят, экранда Ўзбекистонга ҳам навбат тегди. Аниқроғи, туғуруқхонада чақалоқнинг дунёга келиши намойиш этилди. Чақалоқ қўлда тепага кўтарилади. Шу кадр жуда таниш. Чунки у хорижий киноларда кўп бор кўзга ташланади.

Ҳа майли, бу муҳим эмас, энг муҳими ва ачинарлиси, асосан Ўзбекистон молиялаштирган фильмда бетакрор ва гўзал юртимнинг бир бўлагини ҳам кўрмадим. Йўқ, намойиш этишди…

Факат шу туғуруқхона, аниғроғи, туғдириш хонаси кўрсатилди.

Ким билсин, балки фильмнинг мақсад ва ғояси, яратилган образлар кимлар учундир ўта муҳим бадиий “топилма” бўлгандир, бундай “шедевр” асардан уларнинг кўнгли  тўлган бўлиши мумкин.

Аммо, афсуски, миллиард-миллиард сўм маблағ сарфланган “Барон-2”да ўзимизни эмас, ўзгаларни кўрдим.

Хуллас, барака топгурлар, унутманг, Ўзбекистон туғуруқхонадан иборат эмас!

 Алижон АБДУРАҲМОНОВ