Хизмат пайтида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оиласига қатор имтиёзлар берилади

46

Бугун, 13 март куни имзоланган Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзолари ҳамда уларнинг қарамоғидаги шахсларни қўллаб-қувватлашга доир Президент фармонига мувофиқ, Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, ДХХ, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ҳамда Электрон технологияларни ривожлантириш марказининг Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида яраланганлиги, контузия ёки майиб бўлганлиги оқибатида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг оила аъзолари ҳамда уларнинг қарамоғидаги шахсларга қатор имтиёзлар берилади

Жумладан, 2023 йил 1 июндан бошлаб:

• ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади;

• ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналарига йилига икки марта темир йўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига:

• ушбу ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) хизматни ўтаган масъул вазирлик ва идораларнинг тиббиёт муассасаларида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади, шунингдек, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий ёрдамни устувор равишда олиш ва навбатдан ташқари шифохонага ётқизиш имконияти яратилади;

• юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий ёрдам кўрсатилади;

• навбатдаги йиллик меҳнат таътилидан қулай вақтда фойдаланиш, шунингдек, йилига икки ҳафтагача муддатга иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил олиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, масъул вазирлик ва идоралар Давлат бюджетидан уларга ажратилган маблағлар ва бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) оила аъзолари учун уларнинг мурожаатларига асосан қуйидагиларни таъминлаб берадилар:

• Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги санаторий-курорт муассасалари ва болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида йилига бир марта бепул соғломлаштириш;

• шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларини (йилига бир марта), тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламаларини олиб бериш ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатларини қоплаш;

• оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлганларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, йилига бир марта дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммасини компенсация қилиш.