Ўтган ҳафтанинг шанбаси эди. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида драматург Нафас Шодмонов ва режиссор Достон Ҳақбердийнинг “Бахши” мусиқали драмасининг премьерасига тушдим.
Спектаклда одам сийрак. Шунингдек, томошабинларнинг аксарияти ёши катталар. Ёнимда ўрта ёшли бир аёл. Ундан нарида чамаси ўн уч, ўн тўрт яшар мактаб ўқувчиси ўтирибди. Спектаклнинг бошланишига роппа-роса 20 минут бор. Ёнимдаги опа юзланиб, сўради:
– Театрга тез-тез тушиб турасизми?
– Ишдан бўш кунлари тушаман.
Ҳафтада икки-уч мартагача, – дедим соатимга тикилиб.Ўн беш минут қолди. Жимлик. Саҳна пардаси ортидан “баландроқ кўтар”, деган овозлар эшитиляпти. Орадаги жимликни бузиб, аёл яна сўз қотди:
– Мен ҳам фарзандларимни навбати билан ҳафтада бир мартадан театрга олиб тушаман.
Касбим ўқитувчи. Мактабда бошланғич синфларга дарс бераман. Бугун аксарият ёшларимиз фикран ялқов бўлиб қолган. Фикрлашни хоҳлашмайди. Бунинг сабаби нима биласизми, бу – китоб ўқимасликдан. Амалиётдан маълумки, бола ёшлигида китоб ўқишни зерикарли иш деб билади. Китоб ўқишга эринса, театрга тушиб туриш керак. Кўраётган воқеаларини мулоҳаза
қилишга уринади. Ўзича хулоса қилади. Афсуски, ундай эмас. Кўпчилик ота оналар боласига бефарқ. Дарс жараёнида бир метод жорий қилганман. Яъни, ҳар сафарги ота-оналар мажлисида болангизни театрга олиб тушинг, дейман. Кейин “Қани, ким қайси спектаклга тушди?”, дея ўқувчиларимдан сўрайман. Мана, неча йилдирки, ушбу методим иш берди. Ота-оналар мажлисда мулзам бўлмаслиги учун ҳам фарзандини театрга олиб тушадиган бўлишди. Тўрт йил ҳар хил спектаклларни томоша қилаётган ўқувчиларим юқори синфда китоб мутолаасига тутиниши осон кечяпти. Болага энди катта бўлдинг, китоб ўқишинг керак, дейиш нотўғри. Уни ёшлигидан китобхонликка ўргатиб бориш керак. Ушбу йўлда эса спектакль, деворий газеталар чиқариш ва болани зериктирмайдиган ҳамда фикрлашга ундайдиган тадбирлар қўл келади. Бугун кўпчилик юртдошимизнинг онгида “Театр – ҳордиқ чиқариш маскани”, деган янглиш тушунча пайдо бўлган. Аслида, театр дам олиб кетадиган жой эмас.
Аксинча, одамни фикрлашга, яхшини ёмондан ажратишга ўргатадиган жой. Аммо кўряпсизки, риёзат чекиб яратилган асарларга гуррос-гуррос томошабин келмаяпти. Бу эса фикран ялқов бўлганимиздандир. Мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларига театрга тушишга имтиёз яратиш керак.
Шунда ота-она ҳам фарзандини оғринмай театрларга олиб тушармиди?! Сабаби, ҳаммада вазият ҳар хил. Кўпчилик пулини қизғанади. Шунинг учун, ушбу масалани кўриб чиқиш лозим, менимча. Гапнинг индаллоси, ўткинчи ҳою ҳавасларга берилиб, улуғвор мақсадлар ёдимиздан кўтарилмаслиги керак…
Оддий муаллимнинг куюнчак фикрини эшитиб хурсанд бўлдим. Беҳбудий бобонинг машҳур гапи шууримни ёритиб ўтди: “Театр бу ибратхонадур”. Болалигимда дадам ва онам ҳам биз, яъни беш нафар фарзандини навбатма-навбат театрга олиб тушишар эди. Ўшанда ҳаммамизни нега бирдан олиб тушмайсиз, деб сўрардик. Онамнинг жавоби кечагидек ёдимда: “Ҳаммангни бирдан олиб тушсак, битта спектаклни кўриб келасилар. Агар бешалангни навбат билан ҳар хил спектаклга олиб тушсак, деярли бешта спектакль ҳақида маълумотга эга бўласизлар”. Ҳақиқатан ҳам, шундай эди. Дадам ва онам билан қайсимиз бирга борсак, кела солиб спектаклдаги фикримиз билан ўртоқлашардик. Шунда қолган тўрталамиз спектаклни кўрмасак ҳам, у ҳақда маълумотга эга бўлардик. Бугун ёшимиз улғайиб, ҳаётни озмунча тушунгандан сўнг англаб етяпмизки, ҳафтада бир марта бўлса ҳам театрга бориб турганимизу уйга қайтганимиздан сўнг мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашганларимиздан жуда мамнунмиз. Чунки театр ҳаётни англашимизга, қайси йўлнинг тўғри, қай бирининг нотўғрилигини идрок этишимизга ёрдам бераётгандек. Муҳими, озми-кўпми, фикрлашни, ҳар воқеага нисбатан мулоҳаза юритиш кўникмасини ўргандик, китобга ошно бўлдик.
Бугун ота-оналарга “Хўш, фарзандингизни охирги марта қачон театрга олиб тушдингиз?” дея савол берилса, қанчалик мулзам бўлиб қолишаркин? Театрда учратганим ўқитувчи аёлнинг фикрларида жон бор. Ўқитувчиларнинг ойлиги орзу қилганимиз қадар баланд эмаслиги ҳеч биримизга сир эмас. Шундай экан ўқитувчи ва бошланғич синф ўқувчиларига театрларга тушиши учун давлат тарафидан қандайдир имтиёз жорий этилиши керак. Бу билан томошабин кўпайиб, театрларимизга ҳам янада файз кириб қоларди. Қолаверса, бу масалада катта-кичик раҳбарларимиз ҳам раиятга ибрат кўрсатса, ёмон бўлмасди. Чунки катта арава қаёққа юрса, кичиклари ҳам шунга эргашади. Алҳосил, вилоят театрларида ҳам жонланиш рўй беради. Ақалли бир ойда бир мартагина театрга вақт ажратишса, санъаткорларга ҳам руҳий далда бўлармиди? Шунингдек, сўзим охирида яна бир таклифни бермоқчиман. Мактаб дастурига ҳам саҳна санъатига оид бирор бир предмет киритиш керак. Ука ва сингилларимиз ҳам ўқувчилик чоғлариданоқ театрга бориш, спектакль томоша қилиш маданиятини ўзлаштирса, ёмон бўлмасди. Аммо унутмайликки, ёшларни санъатга муҳаббат руҳида тарбиялаш билан иш битмайди. Ҳамма замонда ҳам муҳими – ота-онани маърифатли этмоқ.
Хулоса шу: ўқитувчи ва ўқувчилар театрга бепул киритилиши керак! Бу масалани Маданият вазирлиги атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳукуматга тегишли таклиф киритса, фойдадан ҳоли бўлмас эди.
Муроджон РАҲМАТОВ.
