«ТУЯ» ҚИЛИНГАН 16 МИЛЛИАРД СЎМ ёхуд буни қандай изоҳлайсиз, жаноб вазир?

146

Бош прокуратура хабарига кўра, яқинда 832 та маданият марказида ёшларни жалб қилиш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилган.

Афсуски, натижаларга разм солсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

Ҳукуматнинг тегишли қарорлари билан 2019-2020 йилларда 26 та маданият марказини янгидан қуриш, 45 тасини реконструкция қилиш назарда тутилган бўлса-да, бугунги кунда 278 та марказ биноси таъмирталаб ҳамда авария ҳолатига келиб қолган.

Шунингдек, 140 та маданият марказининг фаолият кўрсатиши учун бино ва иншоотлар мавжуд эмас экан. Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган маданият марказларида жами 11 минг дона мусиқа чолғу асбобига эҳтиёж бор эмиш.

Президентнинг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2021 йилда 7 фоиз, 2022 йилда 10 фоиз ёшларни маданият ва санъат йўналишидаги тўгаракларга жалб қилиш белгиланган бўлишига қарамай, 2021 йилда атиги 52 минг (0,3 фоиз), 2022 йилда 51 минг нафар (0,2 фоиз) ёшлар тўгаракларга жалб қилинган, холос.

Юритилган ҳисоботлар ҳам ҳаққоний бўлмаган – маданий-маърифий тадбирларга жалб этилмаган 1,9 миллион нафар ёшлар сони қўшиб ёзилган.
Энг ачинарлиси, вазирлик соҳага ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини етарлича назорат қилмаган. Бунинг оқибатида 14 та ҳолатда 16 миллиард сўм бюджет маблағи бир қатор мансабдорлар томонидан талон-торож қилинган.

Мисол учун, Тошкент шаҳар маданият бошқармаси мансабдорлари 2022 йилда ўтказилиши керак бўлган фестиваллар учун ажратилган маблағларнинг 8,2 миллиард сўмини «туя» қилиб юборган.

Пискент тумани маданият маркази биноси қурилишига ажратилган маблағнинг 2,2 миллиард сўми ҳам мутасаддиларнинг жиғилдонига кетган.
Бир қарашда 16 миллиард сўм пул оғизнинг бир четидан чиқиб кетадигандек туюлар. Аммо шу маблағга чекка ҳудудларда камида тўртта мактаб ёки боғча қурса бўларди…
Қизиқ, шунча пул бировларнинг чўнтагига кириб кетаверса-ю, вазирлик буни кўриб-кўрмаганга олса?..

Президент куйиб-пишиб, одамларни санъатга ошно қилайлик, маданият-маърифатни ривожлантирайлик, бунинг учун қанча пул керак бўлса, берамиз дея жон куйдириб турса-ю, масъул мутасаддилар қўшиб ёзишу талон-торожликдан ортмаса?!

Ривожланган демократик давлатларда бу каби қўшиб ёзишлар, коррупциявий ҳолатлар, хато ва камчиликлар аниқланса, тизимга масъул шахслар гап-сўзсиз истеъфога чиқади. Зеро, бу уларнинг тизимни идора қилолмаётганидан, уқувсизлигидан дарак берибгина қолмай, халқнинг уларга бўлган ишончини сўндиради.

Хўш, бизда-чи?..
Бош прокуратура ўрганишлари натижаси бўйича бирон-бир изоҳингиз борми, жаноб вазир? Тизимда шаффоф, аниқ натижага қаратилган ишлар қачон йўлга қўйилади? Ахир гап давлатнинг, халқнинг мисқоллаб топаётган пули, ўтказилаётган тадбирларда кўзбўямачиликка йўл қўйиб, давлатни чув тушириш ҳақида кетмоқда. Наҳотки, тизимда талон-торожликларнинг, хўжакўрсин тадбирларнинг олдини олиш шунчалик қийин вазифа бўлса? Бунинг учун илҳомни кутиб ўтириш шарт эмас – прагматик ёндашув талаб этилади, холос.

Сиздан мазкур масала бўйича асосли изоҳ кутиб қоламиз.