Ўлим жазосининг тақиқлангани энди Конституцияда ўз аксини топади

70

Ўзбекистонда ўлим жазоси тайинланадиган жиноятлар сони босқичма-босқич камайтирилиб, 2008 йилдан барча жиноятлар учун тўлиқ бекор қилинган эди. Лекин, бу норма Конституцияда эмас, балки жиноят қонунчилигида ўз аксини топган.

Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сурилмоқда. Ваҳоланки, яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган.

Номукаммал суд тизимидаги бир хато инсоннинг умрига зомин бўлиши мумкин. Чунки эртага суд оқлов ҳукми чиқарадиган бўлса, ноҳақ айбланган инсонни ортга қайтариб бўлмайди. Инсон зоти бундай қарор чиқариши одамийлик мезонларига тўғри келмайди.

Киритилаётган ўзгартириш нафақат ўлим жазосини бекор қилиш, балки қатъий равишда тақиқланишини эълон қилмоқда. Ўзгаришнинг Конституциядан ўрин олиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди, давлатимиз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканлигини бутун дунёга яққол намоён қилади.

Бугунги кунда 106 давлатда (Канада, Аргентина, Дания, Франция, Италия, Норвегия, Швеция, Болгария, Польша ва бошқа) ўлим жазоси барча жиноятлар учун бекор қилинган. Айрим давлатлар ўз тажрибасида ўлим жазосини қонунлар билан бекор қилсада, Конституциясида бўлмаганлиги боис, уни жазо сифатида қайта тиклаш ҳолатлари ҳам кузатилган.

Янгиланаёган Конституция, 25-модда.
Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.
Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланган.

Инсон ҳаёти – олий қадрият ва илоҳий неъмат, бунинг Конституциямизда акс эттирилиши бизни дунё ҳамжамиятидаги нуфузимиз яна бир поғона ошишига хизмат қилади, демократик ислоҳотлар ва инсонпарварлик йўлида собит эканимизга ишончини янада оширади.

Мазкур қоида мамлакатимизда инсон ҳаёти ва қадри юқори даражада ҳимоя қилинишини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда ушбу жазо турини қайтариш ва қўллаш бўйича ҳар қандай ташаббусларни қатъий равишда чеклайди. Пировардида, ҳар бир инсон, ҳатто у жиноят содир этган бўлса ҳам, унинг яшаш ҳуқуқини кафолатланишига хизмат қилади.