Ўзбекистонда яратилгани айтилган “саратонни 99 фоизгача даволовчи дори” ёлғон бўлиб чиқди 

76

Кеча, 24 март куни ЎзФА Ядро физика институти директори профессор Илҳом Содиқов билан қилинган суҳбат ЎзА сайтида эълон қилинган ва унда ўзбек олимларининг “саратонни 99 фоизгача даволовчи дори”си яратилгани айтилган эди.

Профессор Илҳом Содиқов ушбу дорини таърифлар экан, унинг 4-босқичдаги рак касаллигининг 97-99 фоизгача тузалишини таъминлаши, шунингдек, жаҳондаги тиббиётчилар революцион дорилар қаторига кирувчи бу препаратга “фантастик натижа”, деб баҳо бераётганини айтади.

Шу билан бирга, суҳбат давомида мазкур дори воситасининг битта дозаси ҳозирги кунда АҚШда 70 минг доллар, Европа мамлакатларида 25 минг доллар атрофида сотилаётгани, Ядро физика институти эса уни республикадаги 3 та онкологик клиникага 1,5 минг АҚШ доллари нарх билан етказиб бераётгани таъкидланади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур суҳбатда келтирилган дори воситаси ҳақидаги маълумотларни “ҳақиқатга зид” демоқда.

Вазирликка кўра, ушбу дори воситаси радиофармпрепарат сифатида АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва Осиё давлатларида фақатгина простата бези ва нейроэндокрин ўсмаларни диагностикаси ва даволашда қўлланилади.

– Ушбу препарат диагностикада простата бези учун таргет радионуклид восита ҳисобланади. Суяк метастазларини даволаш жараёнида яхши таъсир қилади ва вақтинчалик восита ҳисобланади. У касалликнинг 4-босқичида беморларнинг ҳаётини бир муддат сақлаб туриш учун хизмат қилади, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов.

Маълум бўлишича, бу препарат ҳозирча давлат рўйхатига олинмаган. Шу туфайли айни кунларда бирорта онкологик муассасада қўлланилмаяпти.

Шунингдек, мутахассиснинг таъкидлашича, саратоннинг ривожланган босқичида қўлланиладиган ушбу препарат беморни 99 фоиз аниқликда даволаши ҳақиқатга умуман тўғри келмайди. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида саратоннинг бу босқичида даволай оладиган дори воситаси яратилмаган.

Шунингдек, барча онкологик касалликларда эмас, фақатгина простата бези саратонида суякда метастазлар бўлган ҳолатда ушбу дори воситаси ўрнига “Самарий” препарати қўлланиб келинмоқда.

ССВ соҳа мутахассислари ва ОАВдан инсонлар ҳаёти билан боғлиқ бу каби муҳим хабарларни жамоатчиликка етказишда диққатли бўлишларини сўрамоқда.