Тоғлар оғушидаги даво маскани

101

«Заркент» санаторийси Чотқол тоғи ёнбағрида жойлашган. Унинг биноси тўрт қаватли бўлиб, 120 ўринга мўлжаллаган. Стандарт ҳамда люкс типидаги хоналарига сўнгги русумда сайқал берилиб, барчаси зарур жиҳозлар ва замонавий мебеллар билан таъминланган.

Юрак-қон томир, асаб ҳамда таянч-ҳаракат аъзолари касалликларини даволаш ва олдини олишга ихтисос­лашган ушбу масканда истеъмол қилиш ҳамда муолажаларни амалга ошириш учун шу ҳудуддаги таркиби ноёб ва шифобахш маъданларга бой булоқ сувидан фойдаланилади. Юрак-қон томир хасталиклари озонотерапия, ҳар хил душлар, асаб касалликлари маржон ванналар, туз кони ва ГАИ муолажалари, таянч-ҳаракат аъзолари касалликлари эса массаж, парафин, турли ­частотали электр токи билан даволанади.
– Сув муолажалари инсоннинг асаб тизимига жуда катта ижобий таъсир кўрсатади, – дейди шифокор Гули Тўраева. – Гидромассаж душлар қон айланишини яхшилайди, танага тетиклик бағишлайди. Фитобарда эса шифобахш гиёҳлардан ошқозон-ичак ва асаб касаллик­лари учун фойдали ичимликлар тайёрланади.
Хуллас, санаторийда инсон саломатлиги учун хизмат қиладиган яхлит тизим ­шак­лланган. Натижада ишлай бошлаганига эндигина бир йил бўлаётганига қарамай, унда 1000 нафарга яқин юртдошимиз ва қўшни мамлакатлар фуқаролари саломатлик­ларини тиклашди.
– Тўғри овқатланиш тансиҳатликнинг муҳим гаровларидан биридир, – дей­ди санаторий диетологи Шоҳида Пирматова. – Шу боис биз шифокорлар қўрсатмаси бўйича иш юритамиз. Диабетга чалинганларга 5 маҳал парҳезбоп, жигар, ошқозон ва ичак касалликларига йўлиққанларга енгил ҳазм бўлувчи таомлар тайёрлаймиз. Шунингдек, ҳар хил нон ва патирлар ёпамиз, баҳор кезлари ҳар ҳафтада икки бор кўксомса пиширамиз. Айниқса, нонуштага алоҳида ҳозирлик кўрамиз. Дастурхонга сутли бўтқалар, иссиққина кулча ва блинчиклар тортилади. Уларнинг қаторидан айрим фирмаларнинг сифати кафолатланган маҳсулотлари ҳам ўрин олади.
Санаторийда зарур воситаларга эга спорт заллари ҳам мавжуд. Жумладан, стол тенниси ва бильярд ўйини учун алоҳида хоналар ажратилган. Уларда ҳар куни эрталаб енгил машқлардан иборат жисмоний тарбия машғулотлари ўтказилади. Сўнгра даволанувчилар ўзлари ёқтирган спорт тури билан шуғулланишлари, баъзилари махсус ЛКФ машғулотларида қатнашишлари мумкин. Спорт мураб­бийси Кумуш Шерматованинг таъкидлашича, жисмоний машқлар суяк-бўғин ҳамда мушаклар фаолиятини яхшилаб, чидамлилигини оширади. Шунингдек, қон айланишини маромига келтириб, руҳиятга кўтаринкилик бағиш­лайди.
Санаторийда ҳар куни кечқурун маънавий-маърифий ишлар тарғиботчиси Муниса Тўрабова бош­чилигида мумтоз ва жаҳон куй-қўшиқларидан иборат мусиқий кеча уюштирилади. Бу санъат шайдоларининг вужудига ҳам, руҳиятига ҳам ором бағишлайди.
Кейинги пайтларда санаторийга қизиқувчилар сони анча кўпайди. Шунга кўра, оилавий ва жамоавий равишда келувчилар учун қўшимча коттежлар қурилди. Қолаверса, мижозларга янада кенгроқ қулайлик яратиш ниятида бултур декабрь ойида тўлов ҳақи бўйича 30 фоизгача чегирмалар белгиланди.
– Энг муҳими, бизда ишчи-ходимларимиз бажараётган ишлар, таомлар сифати ва муолажалар самараси дои­мий равишда мониторинг қилиб борилади, – дейди муассаса директори ўринбосари Аҳмаджон Ибрагимов. – Бу жараён дам олувчиларга тарқатилган аноним савол-жавоблар орқали амалга оширилади. Аниқланган натижалар ва билдирилган таклиф-мулоҳазалар раҳбарият томонидан атрофлича ўрганилиб, ютуқларни янада мустаҳкамлаш, хато-камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилади. Биз келгусида яна бир нечта муолажани йўлга қўйишни, масалан, ошқозон-­ичак касалликларини даволашда қўлланиладиган гидроколон мосламасини ишга туширишни, умуртқа поғонасини чўзишга мўлжалланган замонавий ускуна ўрнатишни ҳам режалаштирганмиз.
Бинобарин, «Заркент» санаторийси жамоасининг диққат-эътибори асосан юртдошларимиз саломатлигини асраб-авайлашга ҳамда уларнинг кўнгилли дам олиш­ларини таъминлашга қаратилган.

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
«ISHONCH»