Ўқитувчиларни тиланчига айлантирган Open budget Бу ҳақда сенатор нима дейди? «Овоз йиғиш» устозларнинг меҳнат ҳуқуқини топтамаяптими?

146

Ташаббусли бюджет лойиҳаси атрофидаги машмашалар шу ҳафтанинг энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган масаласига айланди.

«Ишонч» мухбирининг маълумотларига кўра, жойларда Open budget га овоз тўплаш учун ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари ҳам сафарбар қилинмоқда.

— Синф раҳбарларига 60 та, оддий ўқитувчиларга 30 та овоз тўплаш мажбурияти юкланган, — дейди исмини сир тутган мактаб вакилларидан бири.

Бу маълумотлар ортидан Open budget халқ хоҳиш-истагини намоён этишдан кўра, айрим соҳа вакилларининг меҳнат ҳуқуқлари топталишига сабаб бўлмаяптими, деган савол туғилиши шубҳасиз.

Бу борада сенатор Абира Ҳусейнованинг фикри билан қизиқдик. 

— Ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлайман, — дейди сенатор. – Биз фуқаролик жамиятини барпо этяпмиз. Бу эса ҳар жабҳада фуқаролар фаоллигини оширишни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан қарасак, давлат ташаббусларида аҳолининг дахлдорлиги ва фаоллигини оширишнинг ёмон томони йўқ. Бунинг устига, шу лойиҳа орқали йиллар давомида эътибордан четда қолган ҳудудларда йирик бунёдкорлик ишлари ҳам тезлашади. Аммо овоз бериш жараёнида нотўғри ёндашув бўлаётгани ҳақидаги хабарларни ҳам эшитяпмиз. Мажбурий овоз йиғиш машмашалари кўпайиб кетди. Шу боис тизимнинг ишлаш механизмларини янада мукаммаллаштириш керак, деб ўйлайман.

Шу ўринда савол туғилади: ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар асосида муаммолар ўрганилса ва ҳал этилса, Open budget га эҳтиёж қоладими?!

Қолаверса, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашувчи маҳаллий ҳокимиятнинг тўрт устуни бошчилигидаги секторлар фаолият юритяпти. «Обод маҳалла» дастури орқали ҳар бир ҳудуд инфратузилмасини босқичма-босқич яхшилаш, бино ва иншоотларини таъмирлаш бўйича ишлаб чиқилган тизим ҳам мавжуд. Аслида, мазкур тизимлар Open budget нинг вазифасини бажариши керак эмасми?

Ваҳоланки, давлат ўз фуқаролари учун ҳеч бир овоз ва сарсонгарчиликсиз қилиб бериши шарт бўлган ишлар учун одамлар кўчама-кўча сарсон юрмаслиги керак!

Дилдора ИБРОҲИМОВА

«ИШОНЧ»