Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида тадбиркорлар исобидан бир йиллик фойда солиғини март ойидаёқ бўнак сифатида ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқагач, Солиқ қўмитаси ҳолатни “зудлик билан ўрганганини” маълум қилди.
Қўмитага кўра, тезкор ўрганиш натижалари танқидий равишда кўриб чиқилган ва айрим чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Жумладан:
ушбу камчиликларга йўл қўйганликлари учун Солиқ қўмитаси масъул назорат департаменти бошлиғи Б.Муқимов ва Тошкент шаҳар бўлим бошлиғи О.Лутфиллаев эгаллаган лавозимларидан озод этилди;
Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Ю.Насимжанов ва Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Мирпўлатовнинг махсус унвонлари бир поғонага пасайтирилиб, интизомий жазо чораси белгиланди;
Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти бошлиғи Х.Базаровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси тайинланди.
фойда солиғи бўнак тўловлари ҳисобидан бюджетга ундирилган ортиқча маблағларни 28 март куни соат 13:00 га қадар солиқ тўловчиларга тўлиқ қайтариш вазифаси белгиланди;
қайд этилган ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳар солиқ органларида махсус бошқарма томонидан хизмат текшириши ўтказиш ва натижалари бўйича ҳужжатларни ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига юбориш вазифаси топширилди.
Солиқ қўмитаси, ўз навбатида, қайд этилган ҳолатлар бўйича вақтида ахборот берган тадбиркорлик субъектларига миннатдорлик билдирган ҳамда солиқ тўловчилардан суммасидан қатъий назар келгусида аниқланадиган ҳар бир ҳолат бўйича Солиқ қўмитасига ёки @dsq_anticorrupciya_bot га мурожаат қилишини илтимос қилмоқда.
