Сўнгги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолатлари анча кўпайди. Бунга шифокорларни беморларнинг соғлиғи ёмонлашиши ёки ўлимида асоссиз айблаш ҳоллари сабаб бўлмоқда. Энди ҳуқуқбузарлар бундай ҳолат учун жавобгарликка тортилади.
Давлатимиз раҳбари бу ҳақдаги тегишли қонунни имзолади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Қизилгул Қосимова қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартиш ҳақида шундай деди:
– Янги қабул қилинган қонунга асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 197-7-модда билан тўлдирилиб, унда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Мазкур қилмиш учун фуқаролар 1,5 млн сўмдан 2,1 млн сўмгача (базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача), мансабдор шахслар эса 2,1 млн сўмдан 3 млн сўмгача (7 баравардан 10 бараваргача) жарима тўлашлари ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ тарзидаги жазони ўташлари мумкин.
