Россиялик ҳарбий мухбир ўтирган кафе портлатиб юборилди

46

Кеча, 2 апрель куни Санкт-Петербургдаги кафелардан бирида юз берган портлаш оқибатида Россиялик ҳарбий мухбир Владлен Татарский (ҳақиқий исми – Максим Фомин) ҳалок бўлди.

Сўнгги маълумотларга кўра, портлашда жами 32 киши жароҳатланган, уларнинг 10 нафари оғир аҳволда.
ТАСС берган маълумотларга кўра, портловчи қурилма Санкт-Петербург марказидаги “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати эгаси Евгений Пригожинга тегишли экани айтилаётган кафеда ишга туширилган.
Мазкур кафеда Татарскийнинг ижодий кечаси бўлиб ўтаётган бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идораларига дохил манбалар қуввати 200 г тротилдан ошиқ бўлган портловчи қурилма Татарскийга совға қилинган статуэтка ичига ўрнатилганини маълум қилган. Айрим ОАВ совға ҳозирда шахси номаълум қиз томонидан тортиқ қилинганини айтмоқда.
Россия Ички ишлар вазирлиги жиноятни тергов қилишни назоратга олди.
ТАСС ҳуқуқ-тартибот идораларидаги суҳбатдошига таяниб, ҳодиса вақтида кафеда бўлганларнинг барчаси портлашга алоқадорлиги текширилаётганини ёзди.
Россия Журналистлар уюшмаси раҳбари Владимир Соловёв Татарскийнинг ўлдирилишини “журналистларга қарши жиноят” деб атади.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Вашингтон, Лондон ва Парижда Татарскийнинг ўлимига муносабат билдирилмаганини таъкидлади. Унинг аниқлик киритишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари содир бўлган воқеага ҳуқуқий баҳо беради.