Оиласига “Спарк” совға қилган 15 ёшли қиз ва ота матонатига назар…

121

Одатда ҳамиша оналар мадҳ этилади-ю, бироқ келажагимиз тамал тошини қўйган оталарга келганда эътирофлар қалбимиз тубига яшириниб қоладигандай… Аммо, ёш китобхон Азиза ва унинг жонкуяр отаси Жонудилла Нарзиев мисолида оталар меҳрига, уларнинг меҳнатига назар ташлашга қарор қилдик.

Навоийлик 8-синф ўқувчиси Азиза Жонудилла қизи бу йил отасининг заҳматлари туфайли 10-14 ёш тоифаси бўйича ўтган “Ёш китобхон» танловида биринчи ўринни эгаллаган…

Жонудилла Нарзиевнинг асл касби – муҳандис-технолог. У узоқ йиллар оёғи сингани сабабли ишга ҳам боролмай, уйда ўтириб қолганди. Кўп ўтмай оиласи моддий жиҳатдан қийинчиликка учради. Шу боис Зарафшон шаҳридаги давлатга қарашли болалар боғчасига енгилроқ ишга кирди. Айни чоғда, уч нафар фарзандини кичиклигиданоқ ўзбек ва жаҳон адабиёти асарлари билан таништириб, ўқишга иштиёқларини ошира бошлади. Бу ҳақда Азиза шундай дейди:

– Дадажонимнинг соғлиғида муаммо туғилиб, оиламизда иқтисодий танглик юзага келгач, уйимизни сотиб, ижарага олинган хонадонда яшашга мажбур бўлдик. Укаларим кичиклиги боис онам ишлай олмасди. Дадам эса, йўлкирага ҳам пули йўқлигидан ҳассага таяниб ва пиёда юриб, мени мактабга олиб борар, устозларим билан ўқишим ҳақида гаплашарди. Кўпинча кутубхонадан китоблар олиб келиб, мен билан бирга дарс қиларди. Ўқитувчим Малика Бобомуродованинг “Қанийди, ҳамма оталар ҳам Азизанинг дадасидек эътиборли бўлса”, деган илиқ сўзларини эшитганимда, қувониб кетардим. Барча ғам-ташвишларимиз, жумладан, қишки кийим ёки ўқув қуроллари ололмай, мактабга бормаган кунларим ҳам эсимдан чиққандай бўларди…

Ҳозир кўпчилик оталар ўз вазифасини асосан оилани моддий таъминлашдан иборат деб билмоқда. Фарзандларни илмга қизиқтириш кўпроқ оналар зиммасига тушмоқда. Жонудилла ака эса ота ҳам, она ҳам болалар таълим-тарбиясига биргаликда эътибор қаратиши зарурлигини жуда яхши билади. Бинобарин, уйда дард билан олишиб ётган пайтлари ҳам фарзандлари билим олиши учун қайғурди. Фурсат топилгани ҳамоно улар билан бирга дарс қилди. Саломатлиги анча яхшилангач, бу ишга янада кўпроқ вақт ажратадиган бўлди.

– Мен навбатчилик асосида ишлайман. Бир кун боғчада, бир кун уйда бўламан. Демак, вақтим етарли. Шу боис фарзандларим таълимига 3-4 ёшидан жиддий эътибор қаратдим. Аввало, улар учун расмлари кўп, матнлари катта ҳарфларда ёзилган китоблар олдим. Ҳар оқшом ёшига мос эртак ва шеърлар айтиб берардим. Улар улғайгани сари китобларни ҳам ёшларига мослаштириб танлардим. Ҳозир 6 ёшли ўғлим Жасурбек лотин ва крилл алифбосида бемалол ўқий олади. Навоий бобомизнинг салкам 20 та ғазалини, Ҳамид Олимжоннинг “Ойгул билан Бахтиёр” достонини, карра ва Менделеев жадвалларини ёддан билади. Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Ғафур Ғулом, Худойберди Тўхтабоев асарларини ҳам ўқиган.

Кўпчилик мендан “Мурғаклигидан шунча нарсани ўрганса, бола зўриқиб қолмайдими?” деб сўрайди. Аммо болаларнинг бўш вақти жуда кўп. Бундай дамларда телефон ўйнаб ёки телевизор томоша қилиб, жимгина ўтирсин, демай, ўқишга қизиқтирсак, фойдадан холи бўлмайди. Баъзан 6 ёшли фарзандим икки кунлаб фақат ўйин билан овора бўлади. Мен уни ўз ҳолига қўяман. Ўйинга тўйгач, мутолаага қизиқтириш чораларини кўраман.

Болаларимнинг ҳар бири ўз ҳаракати – уй юмушларини бажаргани, шеър ёдлагани, китоб ўқигани бўйича кундалик балл йиғиб боради. Мен уларни бу ишларга мажбурламайман, фақат “Шунча балл йиғсангиз, сизларни музейга ёки кўнгилочар ўйингоҳга олиб бораман”, дейман ва албатта, ваъдамнинг устидан чиқаман.

Тўнғичим Азиза ҳозиргача ўзбек адабиётига тааллуқли 150 дан ортиқ асарни ўқиган. 2022 йили вилоят миқёсидаги “Навоий издошлари” танловида биринчиликни қўлга киритиб, кейин кимё фани олимпиадасига ҳозирлик кўраётган эди. Бир куни мактабига борсам, устози уни “Ёш китобхон” танловида қатнашишга тавсия қилди. Мен уйга келиб, аёлим ва онам билан маслаҳатлашдим. Қизим беллашувда биринчи йили синов тариқасида қатнашиши юзасидан келишиб олдик. Азиза, аввало, рўйхатда қайд этилан китобларни мутолаа қилишга киришди. Асарлар воқеалари ёдида яхши қолиши учун ойиси у билан ўқиган китоблари бўйича савол-жавоблар ўтказишни йўлга қўйди. Мен эса Зарафшон шаҳридаги Ахборот-кутубхона марказидан, марказий кон бошқармаси кутубхонасидан ва қизим ўқиётган 9-мактаб зиёхонасидан зарур китобларни топиб келтирдим. Хуллас, етти ой давомида оила аъзоларимиз бир тану бир жон бўлиб, танловга тайёргарлик кўрдик.
Жонудилла ака билан суҳбатда Азизанинг кун тартиби қандай ташкил этилганига ҳам қизиқдик.Унинг айтишича, Азиза мактабдан уйга чарчаб қайтса, ярим соат-бир соат ухлаб олади. Сўнгра уй ишларида онасига кўмаклашади. Ундан кейин дарс қилишга ўтиради. Танловга тайёргарлик чоғлари ҳар куни 7 соат шу иш билан шуғулланиб, 8 соатдан кам ухламаган. Натижада танловнинг дастлаб вилоят, сўнгра республика босқичида ғолиб чиқиб, “Спарк” автомашинаси билан тақдирланди. “Ҳар бир машаққат ортида хайр бор” деганларидек, Жонудилла ака қизининг ютуғи ортидан юртимизга танилди. У келгусида икки ўғлини ҳам қизи каби китобхон қилиш ниятида. Бошқаларга тилак ва тавсиялари эса қуйидагича:

– Сизларга айтар сўзим шуки, қисқа вақт ичида катта натижага эришиши учун болани зўриқтирманг. Ҳаммасини ёшлигидан бошланг. Аввало, вақт топиб, дарс тайёрлашини назорат қилиб боринг. Китоб ўқигиси келмаса, бирга ўтириб ўқинг. Кечқурунлари оила даврасида қизиқарли эртаклар, ҳикоя ва шеърлар ўқиб беринг. Репититорга бермоқчи бўлсангиз, эҳтиёт бўлинг. Чунки улар орасида моддийликни устун қўювчилари кўпайиб кетган. Сиз сўраб-суриштириб, бола билан ишлашни яхши биладиган, унинг психологиясини тушунадиган мутахассисни танланг. Энг муҳими, фарзанд учун ота-онанинг эътиборидан ортиқ рағбат йўқлигини унутманг!

Зебо НАМОЗОВА
“ISHONCH”