Сергелида аёл ўзи ва 3 нафар фарзанди 9-қаватдан пастга ташлагани ҳақидаги хабарлар тасдиқланди. Бош прокуратуранинг хабар беришича, ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97- (Қасддан одам ўлдириш) ва 103- (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Воқеа сабаблари ҳали номаълум. «Ишонч» мухбири жамоатчилик фаолларининг ҳодиса юзасидан билдирган фикр-мулоҳазаларини тўплади.
Таниқли блогер Умид Ғафуров жамиятга мурожаат қилар экан, фарзандлар ҳаётига бефарқ бўлмасликка чақирмоқда:
– Бизда аёлларимизга одам сифатида эмас, инкубатор сифатида қаралади, – деб ёзади у телеграм каналида. – Устига устак, ёрдам ҳам беришмайди. Туғуруқдан кейинги депрессия деган нарсалар бор. Сергелидаги ҳолатда ҳам аёл шундай депрессияга учрагани эҳтимоли юқори.
Ёзувчи, таржимон Нодира Иброҳимова аёл-қизларимиз кучли бўлиши кераклиги, таҳқирлашса, ўша уй ва оиладан чиқиб кетиб, мустақил яшай олишга, болаларини ҳам кучли инсон қилиб тарбиялашга қодир бўлиши зарурлиги тўғрисида фикр юритар экан, бунинг учун аёлга билим, малака, ҳунар ёки касб-кор лозимлигини қайд этди.
– Қизларни ўқитайлик. Орзуларига йўл очайлик. Эрта турмушга узатмайлик. Карьера қилсин, иқтидорини юзага чиқарсин, ўзига ишонсин, ҳеч кимга қарам бўлмасин. Сабрнинг охири ўлимга элтмасин, — дейди у.
Тадбиркор ва блогер Фируз Аллаев ҳам қизларни ўқитиш, яхши таълим бериш масалаларини илгари сурди.
– Қизлар ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қиладиган, оғир вазиятда болаларини уддалаб кетадиган даражада кучли бўлсин. Ўқиб, дунёни олиб берадими ёки қиз бола бировнинг хасми, демасдан имкон борича яхшироқ таълим беринг. У мустақил, ўзига жавобгар кучли шахс бўлиб ўссин. Бахтсиз ҳолатга тушганда ўзи учун ўзи курашиб, ўзи учун йўл топсин, дея таъкидлайди у.
Хотин-қизлар фаоли Лобар Баҳодирова жамият ўлдирган норасидалар ва бир бемор онани ҳалокати учун ҳар биримиз айбдормиз, деган фикрларни баён этмоқда.
– Оналикни машаққатини осон билманг… Ён атрофингиздаги ёш болали оналарнинг ҳолидан кўпроқ хабар олинг, зора, бошқаларни сақлаб қолсак, – дейди у.
