Бепул тиббий муолажа олиш имконини берувчи йўлланмаларни оиласида бемори бор одамлар яхши билади. Чунки бундай йўлланмалар асосида қиммат жарроҳлик амалиётлари ҳам амалга оширилган. Бундан 3-4 йил аввал халқ орасида “ордер” деб номланган йўлланма оилавий поликлиникаларда берилган бўлса, 2021 йилнинг 1 октябридан “ордер” тизими тугатилиб, жараён рақамлаштирилди. Яъни, бугун фуқаролар электрон ҳисобга олиниб, касаллик даражаси ва заруратга қараб, навбат асосида даволанишга йўлланма олмоқдалар.
Хўш, йўлланма олиш учун нималар қилиш керак? Жойларда бу бўйича вазият қандай? Йўлланманинг электронлашгани юртдошларимиз ва соҳа ходимлари учун қулайлик яратяптими? Мақоламизда ушбу саволларга жавоб излаймиз.
Биринчи қадам
– Мисол учун, беморни анчадан буён юраги безовта қиляпти, дейлик, – дейди Юнусобод туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника бош шифокори Шоира Абдусатторова. – У аввало поликлиникадаги оилавий шифокорга мурожаат қилиши керак. Шифокор беморнинг умумий аҳволи ва юрагини дастлабки текширувлардан ўтказади. Аҳволи жиддий бўлмаса, яъни, поликлиника шароитида дорилар билан даволаш имкони бўлса, беморга шифокорнинг ўзи зарур муолажаларни ёзиб беради ва назоратга олади. Агар беморнинг аҳволи жиддий бўлиб, ётиб даволанишга муҳтож бўлса, барча маълумотларни компьютерга киритади ва туман соғлиқни сақлаш бўлимига юборади. Туманда шу йўналишда ишлайдиган тегишли шифокорлар беморнинг маълумотларини кўриб чиқади ва касаллик даражасига қараб, унга туман ёки шаҳар шифоханасида ётиб даволанишга йўлланма беради. Агар жиддий жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурати бўлса, унда фуқаро ҳақидаги маълумотлар махсус электрон дастурга киритилиб, унга Республика миқёсидаги тиббиёт муассасасига йўлланма берилади. Республика миқёсидаги тиббиёт муассасаси беморнинг маълумотлари, ташхис ҳамда лаборатор текшируви натижаларини кўриб чиқиб, масканда ўринлар бўшаши саналарини инобатга олган ҳолда, унинг тиббиёт муассасасига келиш санасини белгилайди ва смс орқали бу ҳақда хабар юборади. Буларнинг барчаси электрон тарзда амалга оширилади. Илгаригидек, бемор ўзи ташхис қоғозини кўтариб, эшикма-эшик юрмайди.
Йўлланмага даъвогарларни саралаш
– Йўлланмага даъвогарлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қошидаги махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади, – дейди Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника бош врачи ўринбосари Гулбаҳор Саҳиева. – Йўлланма, энг аввало, 2- Жаҳон уруши ва Афғон уруши қатнашчилари, 0 дан 18 ёшгача бўлган болалар, 1-, 2-гуруҳ ногиронлари, ишламайдиган, пенсия ва нафақадаги кексалар, чин етимлар, сил ва онкологик касалликлар билан касалланганлар каби 18 турдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга берилади. Беморларнинг ҳужжатларини кўриб чиқувчи комиссия таркибида айни касаллик йўналишидаги мутахассислар бўлиб, улар беморнинг лаборатор таҳлилларини кўздан кечиришади. Мабодо, олдинги босқичда ташхисда қандайдир хатоликлар бўлса, аниқлаш ва тўғрилаш имкони ҳам бўлади. Навбат электрон шаклда бўлиб, бемор ва даволаш муассасаси шифокори ўртасида бемор касалхонага ётгунича мулоқот бўлмайди. Бундан ташқари, аввалгидек, кимдир таниш-билишчилик асосида ўзининг яқинларини рўйхатнинг олди қаторига қўйиши оқибатида бошқаларнинг узоқ кутиб қолишига йўл қўйилмайди. Масалан, кеча рўйхатга олинган беморнинг маълумотлари махсус дастурга киритилиб, барчага кўриниб туради ва бугун рўйхатга олинган бемор ундан олдин навбатда турган одамдан аввал даволанишга олинмайди. Бироқ аҳволи оғир, жарроҳлик амалиётига бошқалардан кўпроқ муҳтож беморлар шошилинч операция столига ётқизилиши мумкин.
Жараён қандай кечмоқда?
Ўрганишларимизда маълум бўлишича, имтиёзсиз (ногиронлиги йўқ, давлат ва нодавлат ишхоналарида ишловчи, нафақа ёшига етмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлмаган) қатлам электрон навбат асосида шаҳар ва туман миқёсидаги шифохоналарда даволаниши мумкин. Аммо уларнинг республика миқёсидаги марказларда юқори технологик жарроҳлик амалиёти учун йўлланма олишлари қийин. Чунки юқори технологик амалиётлар учун йўлланма асосан имтиёзли қатламга берилади. Имтиёзли мақомда навбатда турган беморларнинг эса травматология ва кардиология йўналишида йўлланма олишлари чўзиляпти. Суриштирувимизда бошқа жойларда бўлгани каби Юқори Чирчиқ ва Юнусобод тумани аҳолиси орасида ҳам суяк емирилиши касаллиги бўйича жарроҳлик амалиётига талабгорлар олдингига қараганда сезиларли ошгани маълум бўлди. Хусусан, йўлланмани кутиш даврини Юқори Чирчиқ ва Юнусобод тумани соғлиқни сақлаш расмийлари биз билан суҳбатда 1-2 ой деб айтган бўлсалар-да, ўрганишларимизда олти ойдан бир йилгача, ҳатто икки йилгача чўзилаётгани маълум бўлди. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази билан боғланганимизда, улар ҳам бу йўналишда 1000 нафар бемор навбат кутаётганини тасдиқладилар. Маълумот учун, суяк емирилиши касаллигида ўтказиладиган жарроҳлик амалиёти юқори технологик операция ҳисобланиб, ковиддан олдин беморларнинг 3 фоизида учраган бўлса, эндиликда унга чалинаётганлар сони тахминан икки баробарга ошган.
Йўлланма чўзилишига травматологларнинг изоҳи
– Олдин Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази(РИТОИАТМ)да битта бўлимдагина суяк емирилиши касалликларида ўтказиладиган эндопротезлаш бажарилган бўлса, ҳозир 6 та бўлимда шифокорларимиз шу амалиёт билан шуғулланмоқда. Бундан кўриниб турибдики, марказ бу борада бутун салоҳиятини ишга солган. Жумладан, бир кунда 50-55 та атрофида ўтказилаётган жарроҳликнинг тахминан 20 тасида айнан эндопротез қўйишга тўғри келмоқда, – дейди РИТОИАТМнинг бош врач ўринбосари Муҳаррам Исматуллаева. – Қолаверса, юқори малакали шифокорларимиз вилоят ва туманларга чиқиб, беморларнинг овора бўлмасликлари учун ҳудудларнинг ўзида ҳам мазкур амалиётни ўтказиб келишмоқда. Жойларда илмий-амалий ўқувлар ташкил этиляпти.
Муҳитдинхон Қодиров, РИТОИАТМ клиникаси бош шифокори:
– Марказимиз 42 та касаллик бўйича имтиёзли йўлланмалар асосида тиббий хизмат кўрсатади. 42 та касалликдан фақатгина 2 тасида, яъни суяк емирилиши билан боғлиқ бўлган коксартроз ва гонартроз касалликларида навбат бор. Қолган касалликларда навбат тизими йўқ. Бемор йўлланма шаклланиши билан стационарга келиб ётиб даволаниши мумкин. “Йўлланма шунча кунда чиқади” деб ҳеч ким айта олмайди. Бу шу йўналишда сиздан олдин қанча бемор навбатда турганига боғлиқ. Аввалги ордер тизимида вилоятлар кесимида турлича навбатлар мавжуд эди. Ҳозирги тартибда вилоятларга қараб йўлланмалар шаклланмайди. Яъни, бирон бир ҳудудга алоҳида сонли йўлланма ажратилмайди. Электрон шаклда мурожаат қилинган вақтга қараб шаклланади. Шунинг учун қайсидир вилоятда даволаниш учун навбат 1 ойда, бошқа вилоят аҳолиси учун 2 йилда келади деган маълумот нотўғри.
Ҳар бир муассаса аҳолига маълум кўламда хизмат кўрсатишга мўлжалланган. РИТОИАТМда травматологик-ортопедик беморларга хизмат кўрсатиш учун 240 ўрин мавжуд бўлиб, қўшимча равишда 30 ўрин марказнинг ҳўжалик ҳисобидан яратилган. Демак, жами ўринлар сони 270 та. Реанимация бўлимида эса 12 та ўрин. Аммо 270 ўрин фақат коксартроз ёки гонартроз касалликларини даволаш учунгина эмас. 90 ўрин болалар учун, шунингдек, шошилинч травматологик ёрдам ҳам кўрсатилишини эътиборга олиш керак. Юқорида айтиб ўтилганидек, ушбу 2 та касалликдан ташқари яна 40 турдаги ташхисларга ҳам имтиёзли равишда ёрдам кўрсатилади.
Навбат катталигига сабаб сифатида кадрлар, жиҳоз ёки бошқаларни келтириш ножоиз. Чунки 2022 йилдан эътиборан йўлланма асосида даволанишга келган фуқароларнинг барчасига кўрсатилган шартнома асосида Давлат тиббий суғурта жамғармаси (ДТСЖ) маблағларни ўтказиб берди. Коксартроз ва гонартроздаги эндопротезлаш амалиётлари барча вилоят марказларида, шунингдек, айрим туманларда ҳам амалга оширилади. 2022 йилда марказимизда нечта имтиёзли равишда эндопротезлаш амалиёти амалга оширилган бўлса, вилоятларда ҳам деярли шунча имтиёзли равишда эндопротезлаш операциялари амалга оширилди. Лекин айрим юртдошларимиз йўлланма тайёр бўлганида “Йўқ, жарроҳлик амалиётини мен вилоятда эмас, Тошкентда – марказда қилдираман” деб танлов қилиши ҳолатлари ҳам кузатилди. Натижада, бу ҳам марказда даволаниш учун навбатлар сони ошиб кетишига сабаб бўляпти.
Давлат ҳомийликни бошлагач мурожаатчилар кўпайган
Эндопротезлаш амалиёти институтларнинг кўп тармоқли тиббиёт клиникалари, Тошкент тиббиёт академиясида ҳам амалга оширилиши йўлга қўйилган. У ерда бундай навбат йўқ. Аммо шу марказларда даволаниш тавсия этилган ҳолларда ҳам беморлар яна РИТОИАТМни танлашмоқда. Бундан ташқари, хусусий клиникаларда ҳам беморларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатиш тартиби мавжуд. Агарда беморлар нафақат РИТОИАТМни, балки тиббиёт институтлари клиникалари ва хусусий тиббиёт муассасаларини танлаганларида, навбат бунчалик катта бўлмас эди.
Бундан ташқари, йиллар давомида ушбу касалликлар билан оғриган беморларга фақатгина тиббий хизматнинг ўзи бепул бўлган. Эндопротезни эса беморнинг ўзи харид қилиши лозим бўлиб, бунга имконият кўпчиликда йўқ эди (Шифокорларнинг айтишича, эндопротез металл хориждан келтирилиб, нархи тахминан 20 миллион сўм атрофида, амалиётни бажариш хизмат ҳақи эса 12 миллион сўм. Бу – бир оёқ учун). Илгари эндопротезлар камчилик тадбиркорлар томонидан Ўзбекистонга олиб кирилар ва нархи қиммат бўлган. Ҳозирда эса тадбиркорлар сони ортиб, эндопротезлар кўп миқдорда олиб кирилиши ва нархларнинг тушгани кузатиляпти. Бундан ташқари, охирги йилларда имплантлар ҳам давлат бюджети томонидан қоплаб берилаётгани сабабли операцияга муҳтож аҳоли қатламининг мурожаатлари кўпайган.
Имтиёзли қатламдан ташқари турли хил саховат жамғармалари томонидан пул ўтказиб бериш орқали мурожаат қилаётган беморлар сони ҳам кўп. Биргина 2023 йилнинг март-апрель ойларида марказда 238 нафар беморга «Маҳалла» жамғармаси ҳомийлигида йирик бўғимларни эндопротезлаш операциясини амалга ошириш режалаштирилган.
“Имтиёзсиз” қатлам нима қилади?
Маълумки, йўлланма олишга имтиёзи бўлмаган қатлам – ногиронлиги йўқ, давлат ва нодавлат ишхоналарида ишловчи, нафақа ёшига етмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлмаган аҳоли ҳисобланади. Улар орасида ҳам табиийки, йирик жарроҳлик амалиётига эҳтиёжмандлар учрайди. Ҳозирда кўпроқ имтиёзли тоифа йўлланма асосида даволанаётганини инобатга олсак, имтиёзсиз қатлам фақат ўз ҳисобидан даволанишга мажбурми, деган савол туғилади.
Шу боис биз Давлат тиббий суғурта жамғармаси (ДТСЖ) матбуот котиби Сайёра Шоевага мурожаат қилдик. Унинг айтишича, ҳозирги шароитда имтиёзсиз қатлам ўз маблағи ҳисобидан даволанади. 2023 йилнинг 1 июлидан бошлаб эса Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғурта тизимига ўтиш жараёни бошланади. Ҳозирда бунга тайёргарлик ишлари кетмоқда. Агар ҳудудларда мазкур суғурта тизимига тўлиқ ўтилса, имтиёзсиз қатлам ҳам зарурат бўлганида йўлланма асосида республика даражасидаги тиббиёт марказларида жарроҳлик амалиётларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу эса юртдошларимизнинг яшаш шароити ва турмуш даражасидан қатъи назар, эҳтиёжманд бўлганида, юқори сифатли ва мураккаб жарроҳлик амалиёти билан таъминланишига олиб келади.
Зебо НАМОЗОВА
ISHONCH



