Баъзида ўйлаб қоламан: мақтанишга уста бўлиб кетмадикмикин? Айниқса, ўзимизни бошқа миллатлар билан солиштириб, гўёки улардан устун эканимизни таъкидлайверамиз.
Меҳмондўст халқмиз деб кўкракка урамизу, ватан «остонаси» бўлган аэропортларимизда меҳмонларнинг кўз ўнгида ўзимизни тутишни билмаймиз, навбатга туриш қоидаларини менсимаймиз.
Ҳаёли-иболи халқмиз деб, чет эл фильмларидаги «беҳаё» саҳналарни қайчилаб эфирга берамизу, ўзимизнинг киносериалларимизда эр хотинини аямай уриб-тепкилаётган саҳнани бемалол намойиш қилаверамиз.
Аслида, эр хотинини урган саҳнадан кўра, бир-бирига меҳр кўрсатган саҳна тарбиялироқ эканини ўйлаб ҳам кўрмаймиз…
Болажон халқмиз, болаларни яхши кўрамиз деймизу, фарзандларимизга эътиборсизмиз. Болажонлик бола туғдириш билан ўлчанмайди. Чет элда боласини бунга имкон туғилиши биланоқ тиш «чётка»си билан тишларини икки маҳал ювишга ўргатишни бошлайдилар. Имкон қадар ёшлигиданоқ илм беришга ҳаракат қиладилар. Ҳар йили фарзандларини шифокор ва психолог кўригидан ўтказиб туришдан эринмайдилар.
Бизда фарзанд ота-онаси ҳақида қайғуришга мажбур, чет элда эса ҳатто «кафе»да бирга ўтириб қолган ота-боланинг ҳар бири ўзи учун пул тўлар экан, деб уларнинг муносабатидан кулмоқчи ҳам бўламиз. Аслида, бунинг замирида фарзанд вояга етдими, энди мустақил бўлди, ҳеч бўлмаса, ўзининг еган таомининг пулини тўлашга қодир бўлсин, деган тарбия борлигини ҳеч ўйлаб кўрмаймиз.
Фарзандимизни боқимандаликка ўргатиб, ота-онанинг оёғига бир умрлик тушов бўлишига чидаб яшаймиз… Оқибатлимиз деймизу, бизни оқибат тарк этиб кетганига анча бўлганини ўйламаймиз ҳам.
Ижтимоий тармоқларда боларларнинг номусига теккан амалдорлар, фарзандини ўлдирган ота, отасини бўғизлаган фарзанд, норасида гўдакларини сувга чўктирган она, оиласини машинага қамаб тириклайин ёқиб юборган ота, бир-бирига бозорда пичоқ санчган ака-ука сингари реал хабарларни ўқиб, наҳотки булар бизда юз беряпти, деб юрагинг музлайди.
Одоблимиз, маданиятлимиз деймиз, лекин кўчада машина бошқариш қоидаларини менсимаймиз. Қўпол сўзлар билан бир-биримизни ҳақоратлаймиз.
Бирон кун йўқки, ижтимоий тармоқларда автоҳалокат ҳақида хабар берилмасин. Ҳар куни автоҳалокат натижасида кимларингдир вафот этгани ҳақидаги хабарларни ўқиймиз. Дунёга татийдиган мазали таомларимиз бор деймизу, нотўғри овқатланиш ва бунинг ортидан тузалмас дардга чалиниш бўйича дунёда юқори ўринда турамиз…
Ғуломжон ҲАКИМОВ
