Қулоқчинлар қурбонига айланманг! Ёхуд йўл қоидалари бузилишига сабаб бўлаётган иллатлардан бири ҳақида

52

Ўша куни дори олиш учун бораётгандим. Мендан сал олдинда қулоғига қулоқчин тақиб олган икки нафар мактаб боласи ҳам бор эди. Чорраҳага келганимизда улар светофорнинг қизил чироғи ёнганига ва ҳайдовчилар сигнал берганига қарамай, йўлни кесиб ўта бошлашди. Оқибатда енгил машиналардан бири бошқарувни йўқотди ва бошқа автомобилга бориб урилди. Ундан шошиб тушган ҳайдовчи жаҳл билан “Кўзларинг кўрми?.. Қулоқларинг том битганми?” деб болаларга бақира кетди.

Ўқувчилар эса, ҳеч нарсани кўрмагандай-билмагандай, бамайлихотир юришда давом этдилар…

Дарвоқе, сўнгги пайтларда қўл телефони ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланди. Боз устига, ёшларимизнинг аксарияти кўча-кўйда, жамоат жойларида, транспорт воситаларида ўша матоҳга уланган қулоқчинни тақиб юришга одатланди. Ҳатто, уй юмушларини бажараётганда ёки бошқалар билан гаплашаётганда ҳам ундан фойдаланаётганлар кўп учрайди. Аслида, олимларнинг таъкидлашларича, бу асбобнинг овозини баланд қилиб,  узоқ вақт фойдаланиш кишининг эшитиш қобилияти сусайишига олиб келади. Масалан, йўловчи метрога тушганда у ердаги шовқинни эшитмаслик учун қулоқчин овозини максимум даражага  кўтаради. Бу зарарли ҳисобланади. Чунки инсон қулоғи эшитиши мумкин бўлган энг паст товуш 10-15 децибелга, доимий эшитишнинг энг юқори даражаси 25 децибелга тўғри келади.

Қулоқчин орқали янграётган мусиқанинг овози  эса 60 децибел, аниқроғи,  ўртача эшитиш ­меъёридан икки-икки ярим баравар баланд бўлса, қулоқнинг ички ҳужайраларини зарарлайди.

Мен тенгдошларимнинг ­ фикр-мулоҳазаларига қизиқиб, уларга «Қулоқчиндан қай ҳолларда фойдаланиш керак?» деган савол билан мурожаат қилдим.  Етмиш  фоизи ён-атрофдан тарқалаётган шовқинлардан ўзини ҳимоя қилиш ёки вақтдан ютиш учун  ҳар  хил аудиокитоблар тинглаш мақсадида ундан  фойдаланишини билдирди. Қолганлари эса асосан мусиқа ва қўшиқлар тинглашини айтишди.

Ҳолбуки,  “Асалнинг ҳам ози ширин” деганларидек,  ҳамма нарсадан ўз ўрнида ва меъёрида фойдаланиш керак. Акс ҳолда, у хунук оқибатларни келтириб чиқариши  тайин.  Қулоқчинлардан  фойдаланиш чоғидаги энг катта хавф  одам муҳим аудиосигнални ўтказиб юборишидир. Ана шу боис кўплаб мамлакатларда транспорт воситалари ҳайдовчилари ва пиёдаларга қулоқчинлардан фойдаланиш тақиқланган.

Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 138-моддаси    биринчи қисмида пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, йўлнинг қатнов қисмида, жумладан, пиёдалар ўтиш жойи­­да ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши, эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, шунингдек, мопед ва велосипед ҳайдовчиларининг, уловли аравани бошқариб борувчи ва йўлдан фойдаланувчи ўзга шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши қайд этилган.

Биз ҳар қандай вазиятда ҳам жорий қонунларга риоя қилишимиз зарурлигини, айниқса, йўл ­қоидаларига бўйсуниш умр фойдаси эканлигини унутмаслигимиз шарт!

Мадина ПЎЛАТ қизи
“Ishonch.uz”