Ижтимоий тармоқларда “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов жорий йил 5 март куни Тошкент шаҳридаги “Star Med Center” клиникасида операция қилинган ва операциядан сўнг комага тушиб қолиб вафот этган эди.
ССВ блогернинг ўлими юзасидан мазкур клиникада ўтказилган текширув натижаларини маълум қилди.
Текширишда аниқланишича, бемор Ф.Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилган.
Хусусан, Фарҳод Манноповга операция вақтида анестизиолог ва реаниматолог сифатида хизмат кўрсатган шифокор Ж.Қ.да малакавий тоифа бўлмаган.
Анестизиолог ва реаниматолог шифокорнинг малакавий тоифасини тасдиқловчи амалдаги ҳужжат тақдим этилмаган. Вазирликка кўра эса тиббий фаолият лицензияси талаб ва шартларига врач-мутахассисларда тегишли тиббий мутахассислик бўйича олий маълумот ва малакавий тоифа ҳамда малака ошириш бўйича амалдаги сертификат мавжуд бўлиши шарт.
Бундан ташқари, Фарҳод Манноповнинг пластик жарроҳ шифокори ҳам етарли тажрибага эга эмас бўлиб чиқди.
Вазирлик маълумотига кўра, пластик жарроҳ шифокори Э.А. Андижон давлат медицина институтининг даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишини 2019 йил 17 июнда тугатган. Унинг бемор Манноповга тиббий хизмат кўрсатиши учун эса камида биринчи малакавий тоифага эга бўлиши керак бўлган.
Лекин “Omad plyus” МЧЖ томонидан пластик жарроҳ шифокори Э.A.да малакавий тоифаси бўлмаган бир вазиятда беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйилган.
Қолаверса, бош ва бурун соҳасидан жиддий жароҳат олган блогерга тиббий хизмат кўрсатган лаборант шифокор Ж.Ш. ҳамда ультратовуш текширувлари шифокори Р.С.нинг ўзлари фаолият юритаётган тиббий ихтисосликлар бўйича малакавий тоифаларини тасдиқловчи амалдаги ҳужжатлар текширувда тақдим этилмаган.
