Талаба қизлар хонасига яширин камера ўрнатилишига қонунчилик нима дейди? 

75

Қизларнинг қандай ҳуқуқлари бузилмоқда?

Қўқон педагогика институти талаба қизлари яшайдиган талабалар турар жойи хоналаридан бирига кузатиш камераси яширинча ўрнатилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.  Қизлар ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига шикоят қилган. Вазирлик воқеа юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши, айбдорларга тегишли чоралар кўрилиши борасида расмий хабар берди. Маълум қилинишича, ётоқхона хонасига камера ўрнатиш институт ректорининг буйруғи бўлган, ҳолат ҳақида талабалар вақтида огоҳлантирилмаган.

Ушбу вазиятда талаба қизларнинг қандай ҳуқуқлари бузилган ва мансабдор шахсларга бу борада қандай чора кўриш мумкин?

Ушбу саволга «Мадад» ННТ ижрочи директори ўринбосари, Фуқаролик қонунчилиги бўйича эксперт Исломжон Абдираҳимов жавоб берди:

— Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун қонунчиликда нормалар мавжуд. Яъни, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, — БҲМнинг ўн бараваридан қирқ бараваригача (3 млн. сўмдан 12 млн. сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этганлик учун — фуқаролар БҲМнинг иккидан бир қисмидан икки бараваригача (150 минг сўмдан 600 минг сўмгача), мансабдор шахслар эса — икки бараваридан беш бараваригача (600 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача) миқдорда жаримага тортилади.

Шунингдек, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, шу жумладан интернетда фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётганда жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларни йиғишга, тизимлаштиришга ва сақлашга оид талабларга риоя этмаслик учун қонунчиликда — фуқароларга БҲМнинг етти баравари (2,1 млн сўм), мансабдор шахсларга эса — эллик баравари миқдорида (15 млн сўм) жарима мавжуд.