Магнит бўрони нима? У нега одамлар учун хавфли? 

81

Сўнгги йилларда ОАВда “магнит бўрони кузатилиши” ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди. 

Хўш, магнит бўрони нима? У қандай келиб чиқади? Нега бу ҳақда доимий огоҳлантириб борилади. Бу хавфлими?

Қуйида шу каби саволларга жавоб изладик.

Магнит бўрони – бу магнит майдоннинг тез ўзгарувчан даври. Қуёш баъзан ўзидан кучли шамол чиқаради. Бу Ер магнит майдонининг мураккаб тебранишини бошдан кечираётган ташқи қисмига таъсир қилади. Ерга яқин космик муҳитда электр токлари ҳосил бўлади. Оқибатда қўшимча магнит майдон ўзгаришлари келиб чиқади. Ҳодиса содир бўлганда биз магнит бўронини бошдан кечирамиз. Унинг давомийлиги бир неча соатдан бир неча кунгача бўлиши мумкин.

Инсонларга таъсири

Бундай вазиятларда қон айланишида ўзгаришлар бўлиши асосий ҳолат бўлиб, асаб тизимида эса гормон ишлаб чиқариш кучаяди. Ҳолсизлик, асабийлашиш, диққатнинг камайиши ёки кучайиши каби белгилар учрайди.

Магнит бўрони таъсирлари юрак-қон томир, асаб соҳасида сурункали касалликлари бор инсонларда бошқаларга қараганда оғирроқ кечади.

Узоқ масофали радиоалоқа қийин ёки имконсиз бўлиши ва глобал жойлашишни аниқлаш тизими (ГПС) алоқалари ёмонлашиши ҳам мумкин.

Астронавтлар ва юқори баландликдаги учувчилар юқори даражадаги радиацияга дучор бўлиш эҳтимоли бор.

Магнит бўронлари зилзилага сабаб бўладими?

Қуёш чақнашлари ва магнит бўронлари биргаликда “космик об-ҳаво” деб номланади. Бироқ космик об-ҳаво ва зилзилалар ўртасида боғлиқлик борлиги ҳеч қачон исботланманган. Зилзилалар Ернинг ички қисмидаги жараёнлар туфайли содир бўлади. Шу сабабли уларнинг қуёш чақнашлари ва магнит бўронларига алоқаси йўқ.

Нилуфар Абдумаликова