Пул солинган “бахт картаси” ва кенг имтиёзлар: Корея аёллар ҳуқуқини қандай ҳимоя қилмоқда?

173

Охирги вақтларда фаоллар Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ишончли тизим, механизм йўқлигини қайд қилмоқда. Шу боис “Ishonch.uz” мухбири қатор хориж давлатларида яшаётган ўзбекистонлик аёллар билан боғланиб, у ердаги қонунчилик, аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими билан қизиқди. Келгусида ана шу тажрибаларни кетма-кет ҳавола этиб борамиз. Биринчи мақола аҳолисининг 51 фоизини аёллар ташкил қиладиган Жанубий Корея давлати тажрибасига бағишланди.


Маълумотларни ўрганишимизда 2021 йилда Кореянинг  Dong A университети магистратурасини тамомлаб, айни пайтда оиласи билан Кореяда яшаётган  Нозигул Қодирқулова яқиндан ёрдам берди.


Қонунчилик…

Жанубий Кореяда аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги масалалари қуйидаги қонунлар  билан ҳимоя қилинади:

«Иш билан таъминлашда жинсий тенглик тўғрисида»ги қонун;

«Иш билан таъминланишдаги тенглик ва оила ҳамда ишни муросалаш тўғрисида»ги қонун;

«Жинсий зўравонлик учун жазо ва жабрланувчини ҳимоя қилиш» қонуни;

«Аёллар ривожланиши қонуни»;

«Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва жабрланувчини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ва бошқалар.

Бундан ташқари, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган бир қанча давлат ва нодавлат ташкилотлар фаол ишлайди.  Корея гендер тенглиги ва Оила вазирлиги, Корея аёллар ривожланиши институти, Корея аёл ишчилари ассоциацияси, медиа бўйича эса Wомans nеws (Аёллар хабарлари) ва бошқа ташкилотлар фаолият юритади. Мактабларда жинсий тенглик ва аёлларнинг жамиятда ўрни муҳимлиги ўргатилади. Шунинг учун Корея жамиятида аёлларни  камситиш ёки хўрлаш ҳолати жуда кам кузатилади.

Аёллар мурожаати сўзсиз ўрганилади

Оилада ёки кўчада жинсий зўравонликка учраганда 16 шаҳар бўйича 8 та тилда фаолият юритувчи Аёллар фавқулотда вазиятлари маркази(1366)га дарҳол қўнғироқ қилиш ёки полицияга хабар бериш керак. Полиция шу вақтнинг ўзидаёқ вазиятни ўрганиб, тажовузкор эр ёки унинг яқинларига «жарима», «тезкор ҳибс» ёки «махсус руҳий тиббий марказга юбориш» каби жазо турларини қўллайди. Оилавий зўравонлик билан судга мурожаат қилинганда ҳолатнинг даражасига кўра жарима ёки қамоқ жазоси қўлланилади. Агар аёл эрининг қамалишини хоҳламаса ва фақат ўзини ҳимоя қилинишини истаса, “Уй ҳимояси масаласи”  бўйича Оила судига ариза беради. Бунда эр қамалмайди. Аксинча, оилада аёлига нисбатан бир қанча чекловларга амал қилади. Масалан, аёлидан 100 метр узоқликда юриши, алоҳида тунаши, ижтимоий тармоқ орқали ҳам алоқа қилмаслиги лозим.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Кореяда бу қонунлар фақатгина қоғозда қолиб кетмаган – амалда қатъий ишлайди. Оилавий ёки жинсий зўравонлик қилинган ҳолатлар қамоқ жазоси билан якун топиши сўзимиз исботи.

Алимент ва ажримлар

Алимент масаласи ажрим сабаблари ва эр-хотин келишувига асосан белгиланади. Масалан, эр аёлини хиёнат устида тутиб, судда буни исботласа, фарзанд аёлида қолган тақдирда ҳам эр рози бўлмаса, алимент тўламайди. Агар ҳар икки томон ўз розилиги билан ажрашишга қарор қилса, суд экспертлари эр-хотиннинг ижтимоий, моддий, руҳий, жисмоний, молиявий ҳолатига қараб, болани кимда қолишини белгилайди.
Фарзанд онада қолган тақдирда эр яшаб турган уйини бериб чиқиб кетиши ёки ижарага уй олиб бериб, пулини тўлаши, агар уйи хусусий бўлса, сотиб ярим пулини бериши керак бўлади. Ажрим вақтида эр-хотиннинг никоҳ давридаги мол-мулки тенг бўлинади. Агар аёли ҳеч қаерда ишламаса ва молиявий мустақил бўлмаса, у мулкнинг ярмидан кўпига ҳам эгалик қилиши мумкин. Мулк бўлинган тақдирда ойма-ой алимент тўланмайди.

Ёлғиз оналар учун Корея ҳукумати кенг кўламда ёрдам ажратади. Масалан, бола туғилганидан 18 ёшга етгунча ойига (2022 йилги ҳисобда) 200 000 вон (ўзбек сўмида тахминан 1 715.000 сўмга тўғри келади) ёрдам пули олади.

Бундан ташқари, она 35 ёшдан ошган бўлиб, фарзанди ҳали 5 ёшга тўлмаган бўлса, 50 000 вон, 25 ёшдан 35 ёшгача 50 000 дан 100 000 вонгача қўшимча ёрдам пули олади. Фарзанд ўрта ва катта мактабга чиққанда ойига 83 000 вон мактаб харажатлари учун берилади. Ҳар ой яшаш ҳаражатлари учун ҳам алоҳида 50 000 вон тўлаб берилади.  25 ёшга тўлмаган оналар эса ойма-ой 350 000 вон ёрдам пули олишади. Ёлғиз она ҳали мактабда ўқиса, унга имтиҳонларга тайёрланиши учун йилига 1 миллион 540 000 вон гача ёрдам пули ажратилиб, университетга кирган бўлса, контракт ва ўқиш пули учун йилига 5 миллион вон субсидия берилади. Агар ишлаб, ўзини таъминлай олса, ойига 100 000 вон ёрдам пули ажратилади.

Ёрдам пулига мурожаат қилиш учун керакли ҳужжатларни йиғиб, шаҳар ҳокимиятига онлайн ёки оффлайн ариза бериш кифоя. Ҳаммаси тез фурсатда ҳал қилиб берилади.

Яраштирув институти

Кореяда яраштирув институти йўқ. Ҳеч ким оиланинг шахсий ишига аралашмайди. Ажрашишга ариза берилганда суд жараёнидан олдин психолог томонидан оила ва фарзандлар қадрияти тўғрисида махсус бир марталик маъруза қилинади.

Умумий вазиятга қарайдиган бўлсак, асосан корейс оилаларда расмий ажралишлар кўп эмас. Чунки бу фарзандларнинг руҳий ва ижтимоий ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши ва мол-мулкнинг ярмидан кўпидан ажралиш хавфи юқорилиги учун ҳам эр-хотин ўзаро келишув асосида яшайдилар.

Ҳомиладорлар учун имтиёзлар

Ҳомиладорлик аниқланган кундан касалхона харажатлари учун 1 миллион вон янги очилган ҳисоб рақам – «бахт картаси»га ташлаб берилади. Мазкур маблағ фақат касалхона ва дорихона учун ишлатилади.
Жамоат транспортида ҳомиладорлар учун махсус ўриндиқлар (ҳомиладор эмблемаси ёпиштирилган) ажратилган. Маҳалла комитетига ҳомиладорлик қоғози билан борилганда ҳомиладорлик брелоги, бепул витаминлар ва ўзингиз яшаб турган шаҳар касалхонасида кўрик учун бир марталик ваучер берилади.

Брелок билан ҳомиладор аёллар навбат кутиладиган жойларда навбатсиз иш битириши, машинасини махсус ажратилган жойга парковка қилиши мумкин. Фарзанд туғилгандан сўнг давлат онага 2 миллион вондан ошиқроқ суюнчи пули беради.

Аёллар туғуруқдан сўнг ҳам жисмоний, ҳам руҳан оналикка тайёрланиш, депрессиядан чиқиш учун оналар санаторийсига ўхшаш жойларда турмуш ўртоғи билан бирга кўпи билан бир ой туришади. Бу пайтда ҳам ота, ҳам онага психологик тренинглар, болани тўғри парваришлаш бўйича сабоқ берилади.

Зебо НАМОЗОВА ёзиб олди