“Бу китоб чиқса, одамлар “Ўткан кунлар» ни ўқимай қўяди” – Қодирий қайтмаган уйдаги гаплар 

423

“Кулишга ҳаққингиз бор, чунки ўч оласиз, лекин сиз ифлослик натижасида куласиз, мен тўғрилик самарасини ўраман. Сиз ифлос виждон билан ғолибсиз, мен соф виждон билан мағлубман”.

Бугун 10 апрель – ушбу фикрлар муаллифи Абдулла Қодирий таваллуд топган кун. Шу муносабат бугун адибнинг уй-музейида пресс-тур ташкил этилди.

Абдулла Қодирий хонадонига кирар эканмиз, XX аср нафасини ҳис қилдик, ўзбек адабиётни янги бир ўзанга буриб юборган буюк адиб сиймоси кўз ўнгимизда гавдалангандай бўлди. Нақшинкор эшиклар, тўрқовоқларда сайраётган бедана ва ҳовли саҳнидаги Марғилондан Кумушбибини келтирган қўқон арава мисолидаги арава одамни технологиялар давридан анча узоқларга олиб кетди…

Маълумотларга кўра, Абдулла Қодирий бу хонадондаги шийпон ва 2 қаватли уй қурилишида ўзи бош-қош бўлган. 2019 йил Президент қарори билан Абдулла Қодирий яшаган ҳовли уй-музейга айлантирилганда хонадонга қўшимча равишда 1930 йиллар кўринишидаги кичик кутубхона, конференция ва кўргазма заллари ҳам қурилган.

– Мана шу эшикдан 1937 йил 31 декабрь куни бобомни олиб чиқиб кетишган ва у шу бўйи қайтмаган. Тўққиз ойлик қамоқдаги сўроқ-тергов, қийноқ, хўрликдан сўнг у қатл эттирилган, – деб эслади, Жулқунбойнинг набираси Хондамир Қодирий.

Шунингдек, у бобоси ҳақида сўзлаб, Абдулла Қодирийнинг боғига алоҳида тўхталди:

– Бобом “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” каби асарларни қанчалик эътибор, ғайрат билан ёзган бўлса, ўз ҳовлисидаги боғини ҳам шундай яратган. Ўша замонларда одамлар “Қодирийнинг боғи” деб алоҳида эътироф этишарди. Ҳозирда биз шу боғни тиклашга ҳаракат қиляпмиз, – дейди у.

Хондамир Қодирий бобосининг йўқ қилинган асари ҳақида шундай дейди:

“Қодирий бобом ҳар бир асарини қизғанарди. Фарзанди каби яхши кўрарди”. Айниқса, “Амир Олимхоннинг канизи” асарини ёзган пайт “Мен бу асарни чоп этилишидан хавотирдаман, чунки бу китоб чиқса, одамлар “Ўткан кунлар»ни ўқимай қўяди”, – деган экан. Бу асар тугалланмай қолган дейилади, аслида эса тинтув пайтида олиб кетилган қўлёзмалар орасида у ҳам бор эди. Тугатилган, тўлиқ асар. Афсуски, у аскарлар томонидан йўқ қилиб юборилган”.

Мис самовар, обдаста, эски чиннилар, гиламлар-у, ойна – ҳамма-ҳаммаси аввалгича, ўша даврдагидек сақланиб турибди. Қодирий қайтмаган уйнинг эшиклари уни зиёрат қилиб келувчилар учун доим очиқ.

Нилуфар Абдумаликова 

Ishonch.uz