Хитой Толибон ҳукуматига нисбатан ўз позициясини билдирувчи ҳужжатни эълон қилди

33

Хитой афғон муаммоси бўйича ўз позициясини тўлиқ ишлаб чиқиш ва узоқ муддатли урушдан вайрон бўлган мамлакатни қайта тиклашни қатъий қўллаб-қувватлашини билдириш учун 11 банддан иборат ҳужжатни эълон қилди ҳамда Толибон ўз мажбуриятларини бажариб, барча террорчи кучларни тор-мор этиш учун янада самаралироқ чоралар кўришига умид билдирди.

Ҳужжатда, шу жумладан, “Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати” ҳам алоҳида урғуланган.

“Умид қиламизки, Афғонистон муваққат ҳукумати барча афғонлар, жумладан, аёллар, болалар ва барча этник гуруҳларнинг асосий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади ҳамда афғон халқи манфаатлари ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг умидларини таъминлаш йўлида фаол иш олиб боради”, – дейилади ҳужжатда.

“Хитойнинг афғон масаласидаги позицияси» деб номланган мазкур ҳужжатда Хитойнинг “Учта ҳурмат” ва “Учта ҳеч қачон” тамойилларига содиқлиги асосий ўринда санаб ўтилади. Булар Афғонистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, афғон халқининг мустақил танловини ҳурмат қилиш, ҳамда Афғонистоннинг диний эътиқодлари ва миллий урф-одатларини ҳурмат қилишдир.

“Биз Афғонистоннинг барқарорлиги ва ривожланиши ҳамда минтақадаги барқарор хавфсизлик ва фаровонлик учун Афғонистоннинг бошқа қўшнилари ва бутун дунё билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, – дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, “Учта ҳеч қачон” тамойилига кўра, Хитой ҳеч қачон мамлакат ички ишларига аралашмагани, ҳеч қачон бир томонлама манфаатларни кўзламаслиги ҳамда ҳеч қачон таъсир доираси деб аталмиш соҳани таъқиб қилмаслиги таъкидаланади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Толибон инклюзив сиёсий тузилма яратиб, мўътадил ва эҳтиёткор ички ва ташқи сиёсат олиб боришига ҳамда барча давлатлар, айниқса қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатишига умид билдирди.

Шу билан бирга, Хитой томони Толибонни гиёҳванд моддаларни экиш, ишлаб чиқариш ва савдоси билан курашиш учун аниқроқ чоралар кўришга чақирди.

Ҳужатда, шунингдек, “Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати”нинг мавжудлигидан хавотир билдирилган. Бунинг нафақат Хитой, балки Афғонистон ва минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани айтилган. Хитой “Афғонистон ўз мажбуриятини сидқидилдан бажаради ва барча террорчи кучларга қарши янада самаралироқ чоралар кўради” деган умидда.

Ҳужжатда, шунингдек, “янги шароитда” Афғонистон геосиёсий ўйинлар эмас, балки турли томонлар ўртасидаги ҳамкорлик платформаси бўлиши кераклиги таклиф қилинган.

Хитой, шунингдек, афғон қочқинлари учун икки ва кўп томонлама каналлар орқали ёрдам беришга ваъда беради.

Эслатиб ўтамиз, Хитой 2021 йил августида Кобул Толибон томонидан эгалланиши биланоқ, афғон делегациясини қабул қилган биринчи давлатлардан бири бўлган.

Бундан ташқари, Толибон Афғонистонда назоратни қўлга киритганидан бери Хитой компанияси билан биринчи йирик энергия қазиб олиш бўйича келишувни имзолади ва мамлакатнинг Амударё ҳавзасида нефт қазиш бўйича 25 йиллик шартномага рози бўлди.