Бугун Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўзбекнинг асл шоирларидан бири — Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди.
Ўз даврида шоирлар орасида энг ёш ижодкор сифатида «Ўзбекистон халқ шоири» унвонига эришган, “Дўстлик” орденига мушарраф бўлган Муҳаммад Юсуф хотира кечасига йиғилганлар унинг номини кўзда ёш ва қалбда ифтихор билан ёд этдилар.
Достонлар, Ватан мадҳини куйловчи шеърлар муаллифига аталган тадбирда университет талабалари, мактаб ўқувчилари ва бошқа меҳмонлар, шунингдек, шоирнинг оила аъзолари ҳам қатнашди.
Мусиқий чиқиш қисмида эса том маънода севги, муҳаббатни тараннум этувчи хонанда Шуҳрат Дарё Муҳаммад Юсуф шеърларига басталанган қўшиқлар куйлади.
«Андижонга борган пайтим халқнинг шоирига нисбатан ҳурматини, меҳрини кўриб ҳавасим келганди, — дейди Ёзувчилар уюшмаси Ёшлар бўлими мутахассиси Наргиза Асадова. — Вафот этганига неча йиллар бўлган бўлса ҳам қабри атрофида юзлаб одамларни учратдим. Туғилиб ўсган уйига зиёрат қилиб келадиганлар ҳам оз эмаскан. Ҳамма шоирларга мана шундай ўлим насиб қилсин экан».
Айтиш жоизки, Муҳаммад Юсуф ижодининг авж палласида дунёдан ўтди. Устоз адиб Саид Аҳмад таъбири билан айтганда, «У тез оғизга тушди. Бирор-бир шоир унингдек тез ном чиқармаган, номдор бўлмаган. Очиғини айтсам, Муҳаммадга кўз тегди. Аслини олганда, асл шоирлар узоқ яшамайди, энди шоирнинг ўзи йўқ, аммо Муҳаммад Юсуф деб аталмиш шеърият бор”.
Шоир ёзган шеърларда эса бугун унинг қисмати акс этгандай. Жумладан, қуйидаги шеър барҳаёт шоирнинг боқий умрини ифода қилади:
Ўзи ўлса ўлар, сўзи ўлмайди
Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар
Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,
Юракка кўмилар асл шоирлар…
Маълумот учун, Муҳаммад Юсуф “Тошкент оқшоми», «Ўзбекистон овози» газеталарида мухбир, «Тафаккур» журналида бўлим мудири, Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи ва умрининг сўнгига қадар Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган.



