Кимдир оёғига тикан кирса додлаб, ҳамманинг тинчини бузади. Яна биров бир дунё дардни ичига ютганча, шукрона келтириб яшайди.
Хоразмлик Озода Авезова 48 ёшида саккизинчи марта жарроҳлик столига ётишига тўғри келди.
Болалигида унинг буйрагида тош пайдо бўлганди. Биринчи марта бундан 40 йил аввал жарроҳлик аралашуви билан тошини олдирди. Аммо, орадан кўп ўтмай буйракларида яна тош пайдо бўлди. Яна ва яна операция қилдиришига тўғри келди.
Тўртинчи бор жарроҳга мурожаат қилганида, “Энди сизнинг қорнингизни кесиб бўлмайди, амалиётни лапароскоп ёрдамида ўтказиш керак”, – дейишди. Ўша кезлари бундай амалиётлар фақат Тошкентда ўтказиларди.
–Бир минг бир юз километрдан Тошкентда бориб, муолажа олишнинг ўзимас. Камида икки-уч киши бўлиб кетардик. Шифохона, ижара харажатлари. Ордер билан борган тақдиримда ҳам бошқа харажатлар оиламизга оғирлик қиларди, –дейди Озода.
Шифокорлар аёлга саккизинчи бор жарроҳлик амалиётини ўтказиши кераклигини айтишди. Амалиёт Урганчнинг ўзида – Республика ихтисослаштирилган Урология маркази Хоразм филиалида бажариладиган бўлди.
–Ногиронлигим йўқ. Ҳеч қандай имтиёзга эга эмасман. Бироқ, оиламизнинг иқтисодий шароити яхши эмас. Уйдагилар билан зарур маблағни тўплаб, кейин операция қилдирармиз деб маслаҳатлашдик. Бу ёқда касаллик тобора авжга миниб, оғриқлар кучаяётганди. Аллоҳга таваккал қилиб ўтирганимда, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан қўнғироқ қилишди, сиз амалиётга муҳтож экансиз, рамазон ойи муносабати билан амалиёт харажатлари давлатимиз томонидан қоплаб бериладиган бўлди дейишди. Қулоқларимга ишонмадим, кўзларимга ёш келди, –дейди аёл. – Биз ҳақимизда қайғурадиган Президентимизга минг-минг раҳмат.
Саккизинчи амалиёт муваффақиятли ўтди. Боз устига, мутлақо бепул.
–Эътибордан кўнглим ўсди, ҳаётга иштиёқим ошди. Ниятларим кўп, –дейди Озода. – Ўғилларим катта бўлиб қолишди, уларнинг тўйини қилсам, юртга хизмат қилганини кўрсам, невараларимни боғча-мактабларга олиб борсам дейман.
Яхши ният-ярим давлат. Озода олдинда яхши кунлар кутаётганига ишонади. Бу ишонч эса дардни енгишга ёрдам беради.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
ISHONCH.UZ



