Бундан олдин ҳам худди шундай ҳолат кузатилган ва бу айни пайтда деярли кучга кирган. Аниқроғи 1 майдан қонуний кучга киради.
Иқтисодчи-блогер Отабек Бакировнинг ёзишича, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасига жамоатчилик муҳокамасига қўйилган пайтда (2022 йил 6 октябрдан 21 октябргача муҳокамада бўлган, -таҳр.) ҳам, жорий йил февраль ойида Парламент қуйи палатасидаги биринчи ўқишда кўриб чиқилганда ҳам бўлмаган янги банд қўшилиб қолмоқда.
Яъни, ҳозирда мазкур қонун лойиҳасига критилаётган “бегона” бандга кўра, бенефициарлари офшорда рўйхатдан ўтган норезидентлар ҳам Ўзбекистон банкларини сотиб олиши ва банк очиши мумкин бўлади.
“Амалдаги “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга кўра, (офшор зоналар) давлат ёки ҳудудда рўйхатдан ўтган норезидентлар, иштирокчилар (акциядорлар) ва якуний бенефициар эгалари банкнинг таъсисчилари ва акциядорлари бўлиши мумкин эмас. Лекин бу чеклов офшордаги айрим тоифалар учун бекор қилинмоқда.
Бунинг учун ўша офшор норезидентлар хорижий давлатлар ва халқаро институтлар томонидан тан олинган банк эгалари бўлса кифоя. Қанақадир бошқа мезонлар очилмаган.
Офшорларга қонуний тирқиш очиш масаласи ташаббускори ким бўлгани ва бу қачон рўй бергани аниқ эмас. Ҳарқалай, Марказий банк таклиф этган лойиҳада бу йўқ эди”, – деб ёзади Бакиров.
Мазкур қонун лойиҳаси жорий йил 4 апрелда Сенат томонидан ҳам маъқулланган ва юқорида қайд этилган “тирқиш” (таъкид иқтисодчи О.Бакировники, -таҳр.) “норезидентлар томонидан банкларнинг акцияларини олишга нисбатан чекловлар қисман бекор қилинмоқда” ҳамда “халқаро бозорларда оммавий жойлаштирилган акцияларни сотиб олиш соддалаштириляпти” мазмунидаги умумий гаплар билан хаспўшлаб ўтилган эди.
Сенат ахборот хизмати бу ҳақдаги хабарида жамоатчиликка маълум банкларнинг устав капитали энг кам миқдори оширилиши билан боғлиқ масалани очиқ изҳор этган, холос.
“Ўзбекистон йирик давлат активларини фаол «хусусийлаштирмоқда». Охирги сўзни яна қўштирноққа олганимиз бежизга эмас. Саволли хусусийлаштириш сабаблари ва унинг оқибатлари ҳақида жуда кўп ёзилди. Банклар капиталига офшор илдизли субъектларнинг кириб келишига тирқиш очилиши сопини ўзидан чиқариш тарзидаги «ўзбекча хусусийлаштириш» жараёнини янада кенгайтиради. Балки мақсад ҳам шудир”, – дейди Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, бундай ҳолат қонунчиликни ишлаб чиқишда кузатилаётган биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги муаллифлигида ишлаб чиқилган ва Президент томонидан 2023 йил 10 февралда имзоланган ПФ-21-сон Фармоннинг 7-банди 4-хатбошиси ҳам ҳужжат лойиҳасида бўлмагани ҳолда кейинчалик қўшилиб қолгани ҳақида кўп ёзилган эди.
Энг қизиғи, мазкур банд жорий йил 1 майдан эътиборан кучга киради ва унга кўра, эндиликда жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олинишидан қатъи назар электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришлари ва тақдим этишлари шарт.



