Таэквандо белбоғи қанча туради?

75

Мамлакатимизда 71 та спорт федерацияси мавжуд бўлиб, уларнинг қошида юзлаб тўгараклар очилган. Бундан ташқари, жойларда 279 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолият кўрсатади. Шундай бўлса-да, болалар ва ўсмирларнинг атиги 40 фоизигина машғулотларда қатнашади. Сабаб…

Ҳафтасига икки-уч марта ўтказиладиган машғулотларга ота-оналар ойига 100 мингдан 500 минг сўмгача, агар охирги русумдаги замонавий анжомлар билан жиҳозланган заллар бўлса, 1 миллион сўм ва ундан зиёд ойлик бадал тўлашади. Республиканинг турли ҳудудларида ўтказиладиган мусобақаларга алоҳида пул йиғилади. Тўпланган маблағ совринлар, фахрий ёрлиқлар ва ҳакамлар ҳайъати аъзолари ва бошқа мақсадлар учун сарфланади. Узоқ сафарлар билан боғлиқ мусобақаларнинг харажатлари ҳам ота-оналар зиммасида.

Мамлакатимизда бюджетдан молиялаштириладиган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолият кўрсатади. Афсуски, уларда ҳам муаммолар мавжуд. Мураббийларнинг маоши камлигидан ихтиёрий-мажбурий равишда болалардан пул йиғилади. Олис ҳудудларда ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этиш майлику-я, аммо хориж сафарлари-чи? Буни ҳамма ота-онанинг чўнтаги кўтаравермайди.
– Ўғлим тўрт йилдан бери туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида дзюдо бўйича шуғулланади. Ойига 100 минг сўмдан ойлик бадал тўлаймиз. Республика бўйлаб ўтказиладиган мусобақаларга пул сўралади. Халқаро мусобақага қатнашиш учун бир ярим минг АҚШ доллари сарфланиши айтилди. Афсуски, ўғлимни жўнатолмадим, – дейди қатор мусобақалар ғолибининг онаси Дурдона Қудратова.

Таэквандо бўйича ҳам бошқа спорт турларига ўхшаб, ҳафтасига 2-3 марта машғулотлар ўтказилади. Бу спорт турида белбоғлар маълум тизимдаги машқларни бехато бажаришига қараб берилади. Масалан, фарзандингиз сариқ белбоққа талабгор. Олдиндан мураббий кўрсатмаси билан 200 минг сўм тўлайсиз. Белгиланган кун спортчилар тўпланиб, ўрганган машқларини ҳакамларга кўрсатишади. Уларнинг ибораси билан айтганда, иштирокчилар «аттестация» қилинади.
Белбоғларнинг даражаси кўтарилгани сайин «ставка» ҳам ошиб боради. Яшил белбоғ – 400 минг, ҳаво ранг белбоғ – 600 минг, қизил белбоғ – 1 миллион сўм. Энг юқори қора белбоғ учун спорчи 2-3 йил тинимсиз шуғуланиши керак. Вақти келиб, бу белбоққа талабгорлар 1.600.000 сўмдан «воз кечишади».

Пул тўлаб, белбоғ олиш қай даражада тўғри? Бу ҳолатга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, кураш бўйича мамлакат ва жаҳон чемпиони Аъзамжон Шокиржонов шундай муносабат билдирди:

– Ҳар бир спорт турида боланинг ёши, тажрибаси ва иқтидори ҳисобга олиниб, спорт устаси даражалари берилиши керак. Бу очиқ мусобақаларда исботланади, кўринади. Беллашув ва курашларсиз маълум суммани тўлаб, белбоғли бўлиш, бу – федерация томонидан тижорат қилишнинг бир йўли, холос.

Номи сир тутилиши сўралган таэквондо мураббийси билан суҳбатда ҳам кўп нарса аён бўлди. Республиканинг турли ҳудудларида ўтказиладиган мусобақаларда қатнашиш учун йўлкирадан тортиб, еб-ичишгача бўлган барча сарф-харажатларни ота-оналар кўтаришади. Осиё чемпионатларининг асосий харажатлари ҳам иштирокчиларнинг ота-оналари зиммасида. Жаҳон миқёсида ўтказиладиган нуфузли мусобақалар давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Аммо уларнинг ҳам ҳаммаси эмас…

Энг қизиғи, спортчи ўз кучи ва маблағи эвазига олдин мамлакат, сўнгра жаҳон ареналарида ютуқларга эришгач, давлат ва жамият назарига тушиб, кейинги мусобақаларда қўллаб-қувватланар экан.
Хулоса шуки, ота-оналар чўнтагига қараб қолган спортнинг келажаги қай даражада порлоқ?

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
«ISHONCH»