Хатирчи туманидаги «Лангар» маҳалла фуқаролар йиғинида мудҳиш ҳодиса содир бўлди. Ҳудудда жойлашган 58-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси З.А. ўз жонига қасд қилди. Бу совуқ хабар ижтимоий тармоқларда сал олдинроқ тарқалган бўлса-да, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Навоий вилояти бошқармаси анча кеч – 13 апрелда расмий муносабат билдирди.
Сўраб-суриштирганларимизга қараганда, шу мактаб ўқитувчиси Муқаддас Бобомирзаева 4 апрель куни дарс чоғида З.А.дан уйга берилган вазифа юзасидан жавоб беришини сўраган. Бироқ ўқувчи бошқа мавзу бўйича гапира бошлаган. Бундан жаҳли чиққан муаллима унинг юзига китоб билан урган. З.А. синфдошларидан уялиб йиғлаган ва устозидан урмасликни сўраган. Сўнгра ўқитувчининг ҳақоратларига чидолмай, синфхонадан чиқиб кетган.
Дарсдан сўнг 58-мактаб маъмурияти «Лангар» МФЙ профилактика нозири Одил Қурбоновга мурожаат қилиб, З.А. ҳамда унинг бир неча дугонасини тартибга чақириб қўйишини сўраган. З.А.нинг онаси М. Ў.нинг айтишича, Одил Қурбонов қизини маҳалла идорасидаги хизмат хонасига чақириб, «Қилмишингга яраша жавоб беришинг керак. Сени қаматаман, ўқитувчига гап қайтариш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман», деб дўқ-пўписа қилган.
Бу можаролар 4 апрель куни бўлиб ўтган. Профилактика нозири 5 апрелда З.А.нинг уйига бориб, отаонаси олдида унга яна қаттиқ танбеҳ берган. Устига-устак, касалманд оила бошлиғига ҳам бақириб-чақирган. Эртаси куни эрталаб эса З.А.ни ўз машинасида мактабга олиб келган. Ана шу пайтда ўқувчи қиз мазаси қочаётганини, уятга чидолмагани туфайли ўзини ўлдиришга аҳд қилганини, шу ниятда катта нина ва бир талай таблетка ютганини айтиб, ҳушидан кетган. Уни зудлик билан касалхонага элтишади. Шифокорлар бояқиш қизнинг ошқозонидан қон босимини туширадиган кўплаб миқдордаги таблеткалар қолдиғи ва битта катта нинани олиб ташлашади…
Биз ушбу воқеа юзасидан профилактика нозири Одил Қурбоновга мурожаат қилганимизда, у З.А.нинг дарсларга эътиборсизлигидан мактаб маъмурияти норози эканини таъкидлади. Энг ажабланарлиси, айни дамда вилоят шифохонасининг тез тиббий ёрдам бўлимида кома ҳолатида (беҳуш) ётган жабрдийда қизни айбдор ҳисоблаб, ўзини оппоқ қилиб кўрсатишга уринди. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Нодир Туробов эса кўнгилсиз ҳодиса бўйича туман прокуратураси ходимлари суриштирув ишларини олиб боришаётганини, ҳамма маълумотлар уларда эканини айтишдан нарига ўтмади. Ҳолбуки, эндигина балоғат ёшига тўлаётган З.А. ўқитувчиси ва ички ишлар ходимининг икки-уч кунлик босими остида қолгани туфайли ўз жонига қасд қилишгача борган. Назаримизда, бу мудҳиш фожиа сабаб тумандаги таълим ҳамда ҳуқуқ-тартибот тизимларида чуқур ислоҳотлар ўтказиш лозимлиги ҳам юзага қалқиб чиқди.
Фурсати келиб, биз ушбу мавзуга яна қайтамиз. Ҳозирча эса кўрпа қавишга мўлжалланган катта нинани ютишга ва қон босимига салбий таъсир кўрсатувчи 70 тадан ортиқ таблеткани ичишга мажбур бўлган жабрдийда қиз бутунлай соғайиб кетишини Яратгандан сўраб қоламиз.
Нормурод МУСОМОВ
«ISHONCH»
