«Ассалому алайкум. Театримизга хуш келибсиз. Томоша вақтида телефонларингизни ўчирган ҳолда, залда тинчлик сақлашингизни сўраб қоламиз… »
Ҳар гал спетакл бошланишидан аввал шу овоз янграйди. Чироқлар ўчиб, томоша бошланади. Афсуски, юқоридаги огоҳлантириш баъзиларнинг қулоғига кирмайди. Саҳна билан бирга залда ҳам жонли спектакллар бошланиб кетади… Кимдир нимадир кавшаётган, қаердадир чақалоқ йиғиси, ёнингизда чапиллатиб сақич чайнаётган ёки сал нарида жой талашаётган томошабинларга кўзингиз тушади.
Биз Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори ўринбосари, актёр Хайрулла ИНОҒОМОВнинг томошабин маданияти ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик:
– Томошабин маданият масканига аввало ўз ички маданиятини сақлаган ҳолда ташриф буюриши керак. Биз ҳар куни турли томошабинларни кутиб оламиз… Улар орасида зиёлилар ҳам, оддий қатлам вакиллари ҳам, олий ўқув юртлари талабалари ва албатта, мактаб ўқувчилари ҳам бор.
Театримизда саҳна кўриниши намойишидан олдин кириш сўзи эшиттирилади. Яъни, учинчи қўнғироқдан сўнг томошабинлар залга киритилмаслиги, 16 ёшга тўлмаган болалар кечки спектакларга қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантиришлар бор. Спектакль давомида туриб-юрмаслик, ёш болалар тўполон қилишларига йўл қўймасликка чақирилади. Аммо уларга аҳамият берадиганлари бор, бермайдиганлар бор.
Кўп ҳолларда турли сабаблар билан томошага кечикиб келадиганларни ҳам залга киритамиз. Уларни тушунамиз, лекин кечикиб келгани қолиб, жой танлаш, жой алмаштиришга ҳаракат қилиш ҳолатлари бизни кўпинча ранжитади. Ёки ёш болалари йиғлаб қолганда залдан чиқиб овутиб олиши таклиф қилинганда эътироз қиладиганлар ёки бундан хафа бўладиганлар бор. Улар назоратчиларга зални тарк этмаслигини ва чипта сотиб олишганини айтишади. Тўғри, улар ҳақ. Лекин ён-атрофдаги бошқа томошабинларга ҳалал бермаслик, хатти-ҳаракатлари нафақат томошабинга, балки саҳнада роль ижро этаётган актёрларга ҳам салбий таъсир қилиши мумкинлигини англаб етишлари керак.
Одоб-ахлоқ меъёрлари албатта, қоидаларда, чипталарда ёзиб қўйилиши шарт эмас, назаримизда. Буни ҳар бир ўзбек томошабини миллий менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда англаши, ички қоидаларга амал қилиши лозим.
Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, томошабин театрга ташриф буюришидан олдин қайси саҳна асарини кўрмоқчи, унинг режиссёри ким, ролларда қайси актёр, актрисаларнинг чиқишларини кутаяпти, умуман, бу асардан нималарни олмоқчи, шулар ҳақида тушунчага эга бўлишлари керак. Шундагина у ўзини томошага руҳан тайёрлайди, бир ярим-икки соатлик вақтини нимага сарфлашини англаб етади, табиийки, бу жараёнда инсонда ички масъулият пайдо бўлади. Намойиш давомида актёрни руҳан ҳис қилади, улар тақдим этаётган оламга қадам босади, шу билан бирга ён-атрофдагиларни ҳурмат қилади, назоратчиларнинг меҳнатини қадрлайди. Мароқли дам олиб, спектаклдан керакли хулоса чиқариб, эртага бошқа бир томошабинни театрга етаклаб келади. Биз масканимизда айнан шундай томошабинларни кўришни истаймиз.
Гулруҳбегим ОДАШБОЕВА,
Ishonch.uz
