Адолатсизликка бош эгмаганлар: уч бора ишга тикланган педагог

57

Ҳаким Чориев 1983 йилдан эътиборан таълим соҳасида меҳнат қила бошлади. 34 йиллик тажрибага эга бўлгач, Шеробод тумани халқ таълими бўлими мудири ўринбосари лавозимига лойиқ кўрилди. Бироқ у билан тузилган меҳнат шартномаси вилоят халқ таълими бошқармасининг 2019 йил 29 октябрдаги 541-сонли буйруғига асосан бекор қилинди. Бундай адолатсизликни кутмаган Ҳаким Чориев ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам сўраб тегишли идораларга мурожаат қилди ва фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2020 йил 6 январдаги ҳал қилув қарорига кўра, вазифасига тикланди.

Орадан 17 ой ўтар-ўтмас, айни ҳолат тағин такрорланди. Бошқарманинг 2021 йил 19 майдаги 261-сонли буйруғи ҳам суд томонидан ноқонуний деб топилгач, Ҳаким Чориев меҳнат фаолиятини ўз жамоасида яна давом эттирадиган бўлди. Аммо иш берувчи ҳам бўш келмади. Ўша йил 13  октябрда уни меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида ёзма равишда огоҳлантирди. 2022 йил 30 августда эса пенсия ёшига тўлгани, қонунан ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлгани баҳонасида ишдан бўшатди.

Ҳолбуки, бу жараёнда бошқарма раҳбарияти томонидан жиддий хатоларга йўл қўйилганди. Биринчидан, огоҳлантириш хатида Ҳаким Чориевга иш қидириши учун ҳафтада камида бир кун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилиши қайд этилмаганди. Иккинчидан, меҳнат шартномаси бекор қилинишидан олдин туман халқ таълими бўлими бошланғич касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги олинмаганди. Учинчидан, Ҳаким Чориев туман Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси кенгашининг, аниқроғи, вакиллик органининг аъзоси сифатида сайланганди. Бундай ҳолатда иш берувчи у билан тузилган меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилишдан олдин маҳаллий меҳнат органи розилигини олиши шарт эди.

Афсуски, вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддилари юқорида эслатилган тартиб-қоидаларга амал қилмай, Меҳнат кодексининг 21-, 25- ва 102-моддалари талабларини бузишган. Ана шу боис фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди жорий йил 11 январда чиқарган ҳал қилув  қарорига мувофиқ, Ҳаким Чориев учинчи бор вазифасига қайта тикланди. Шунингдек, унга  мажбурий бекор юрган вақтлари учун 14 миллион 606 минг сўм ойлик иш ҳақи ва 3 миллион 500 минг сўм миқдоридаги маънавий зарар ундириб берилди. Бунда кенгашимиз мутахассисларининг ҳиссалари катта бўлди.

Зариф ХОЛОВ, 
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Сурхондарё вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори,

Тошмуҳаммад ДАВЛАТОВ, 
кенгашнинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси